Бухорода 9-11 март кунлари 2003-2004 йилларда туғилган ёшлар ва қизлар ўртасида миллий кураш бўйича Ўзбекистон чемпионати ўтказилмоқда.
Чемпионатда мамлакатмизнинг барча вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасидан келган курашчилар 16 вазн тоифасида ғолиблик учун гиламга чиқиоқда.
Чемпионатнинг тантанали очилиш маросимида Бухоро вилояти ҳокими, вилоят кураш федерацияси раиси Ботир Зарипов, Ўзбекистон кураш федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Комил Юсупов иштирок этди.
Таъкидланишича, 1999 йил Тошкент шаҳрида кураш бўйича биринчи Жаҳон чемпионати ўтказилган. Унда иштирокчилар учта вазн тоифасида баҳслашган. Мазкур чемпионатда бухороликлар 2 та олтин ва 3 та бронза медалини қўлга киритган. 2018 йилда бўлиб ўтган Осиё ўйинларида эса Маъруф Ғайбуллаев олтин медал соҳиби бўлган. Нурбек Тўраев эса бронза медалига эга чиққан. 2022 йилда ўтказилган 11-Осиё чемпионатида Абдулазиз Ҳамроев кумуш медаль соҳибига айланган. Шунингдек, 13-Жаҳон чемпионатида Бухоро шарафини муносиб ҳимоя қилиб, шоҳсупадан жой олган. Ғолиб Сулаймонов бронза медалини қўлга киритган.
— Мазкур чемпионатда янги-янги номларни кашф этамиз, деб ўйлайман ва иштирокчиларга омад тилайман, – деди вилоят ҳокими Ботир Зарипов. – Умид қиламанки, ушбу мусобақаларда ғолиб бўлган спортчилар нафақат Ўзбекистон чемпионатларида, балки жаҳон майдонларида ҳам юртимиз байроғини баланд кўтариб, она заминимиз, диёримиз шарафини муносиб ҳимоя қилади.
— Мазкур чемпионат тақвим режамиздан ўрин олган энг нуфузли мусобақалардан бири ҳисобланади, – дейди Ўзбекистон кураш федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Комил Юсупов. – Шу боисдан мусобақада 1000 нафарга яқин йигит-қизлар қатнашиш истагини билдирган. Совринли ўринлардан жой олган полвонлар терма жамоага жалб этилади. Йил давомида эса терма жамоамизни Жаҳон чемпионати кутиб турибди.
Тадбирда Ўзбекистон кураш федерацияси томонидан эълон қилинган танловнинг “Йил ҳудудий федерацияси” номинациясида ғолиб бўлган Бухоро вилояти кураш федерациясига диплом, статуэтка ва совғалар топширилди.
Чемпионат бугун 11 март куни якунланади.
Зариф Комилов, ЎзА