Пойтахтимиз Тошкент ва Фарғона шаҳар стадионларида 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида ўтказилаётган Осиё кубогининг чорак финалида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлган барча терма жамоаларнинг номи аниқланди.

Кеча “D” гуруҳидаги сўнгги ўйинлар бўлиб ўтди. Пойтахтимиздаги “Жар” стадионида Саудия Арабистони – Япония учрашувида кунчиқар юрт вакиллари 1:2 ҳисобида ғалабага эришди ва учта учрашувдан 9 очко жамғарган ҳолда кейинги босқичга йўл олди.

“Локомотив” ўйингоҳида ўтган Хитой — Қирғизистон терма жамоалари ўйини кутилмаган вазиятларга бой бўлди. Биринчи бўлимда ҳар икки жамоадаги эҳтиёткорлик иккинчи бўлимда хитойликлар фойдасига ишлади. Иккинчи бўлимда қирғизистонлик футболчи ўз дарвозасига тўп киритди. Шундан сўнг қирғизистонлик ёшлар ҳисобни тенглаштирди. Аммо бу Хитойни кейинги босқичга чиқиш имкониятидан маҳрум эта олмади.

Японларнинг Саудия Арабистонини мағлуб этиши ҳам қайсидир маънода Хитой жамоасини чорак финалга чиқишига ҳисса қўшди.

Шу тарзда чорак финалда қатнашадиган 8 та жамоа номи аниқланди.

“А” гуруҳидан Ўзбекистон, Ироқ, “В” гуруҳидан Эрон, Австралия, “С” гуруҳидан Жанубий Корея, Иордания, “D” гуруҳидан Япония ва Хитой чорак финал чипталарига эга бўлди.

Энди футбол мухлислари чорак финалда Ўзбекистон — Австралия, Ироқ — Эрон, Япония — Иордания, Жанубий Корея — Хитой жамоалари қарама-қаршилигига гувоҳ бўлишади.

Ушбу қитъа чемпионатининг тўпурарлар баҳсида Япония терма жамоаси футболчиси Кумата 3 та тўп билан пешқадамлик қилмоқда.

Чорак финалдаги Ўзбекистон — Австралия ва Эрон — Ироқ жамоаларининг учрашуви 11 март куни ўтказилса, 12 март куни Жанубий Корея — Хитой ва Япония — Иордания жамоалари ярим финалга чиқиш учун курашади.

Эртага, 11 март куни Австралия жамоасига қарши ўйинда ёш футболчиларимиз зафар қучса, ярим финалда Жанубий Корея — Хитой “дуэли”нинг омадлиси билан рўбарў келади.

Ярим финал ўйинлари 13 март куни, финал баҳси эса 18 март куни ташкил этилади.

Айтиш лозимки, чорак финалдан муваффақиятли ўтган 4 та жамоа ғолиблик учун курашиш имкониятини қўлга киритиш билан Индонезияда ўтказиладиган Жаҳон чемпионати йўлланмасига ҳам эга чиқади.

 

Т.Рўзиев,  

ЎзА