Қатар амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний кам ривожланган мамлакатларни қўллаб-қувватлаш халқаро ҳамжамиятнинг маънавий бурчи ҳисобланади, деб баёнот берди. Бу хайрли ишда бирдамлик кўрсатилса янада адолатлироқ бўлади, деди у.
“Инқироз ва ечим қидириш барча мамлакатлар елкасидаги умумий масъулият. Ҳозирда кузатилаётган глобал муаммоларни бартараф қилиш учун кам ривожланган мамлакатларни қўллаб-қувватлаш – бу бой ва ривожланган давлатларнинг мажбурияти ҳисобланади”, – деди Қатар амири Дохада бўлиб ўтаётган БМТнинг кам ривожланган мамлакатлар бўйича Бешинчи Конференциясида сўзга чиқиб. “Бу хизмат эмас, балки мажбуриятдир”, – дея таъкидлади у.
Амирнинг таъкидлашича, кам ривожланган мамлакатлардаги тузилмавий муаммолар, жумладан, қашшоқлик, озиқ-овқат етишмаслиги ёки самарасиз соғлиқни сақлаш ва таълим тизимига сабаб «саноати ривожланган марказлар билан ундан четда қолаётган мамлакатлар ўртасидаги мувозанатнинг йўқлигидир”. Шу боис кам ривожланган мамлакатларни қўллаб-қувватлаш халқаро ҳамжамият учун «умумий вазифа” бўлиши керак, деди у.
Шундан сўнг, Қатар амири кам ривожланган мамлакатлар учун Доха ҳаракатлар дастурини қўллаб-қувватлашга 60 миллион доллар ажратишини маълум қилди.