Қонун лойиҳасига шарҳ
“Йўл ҳаракати тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти, унда акс этаётган янги тартиблар бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Фарҳод Ашматов билан суҳбатлашдик.
— “Йўл ҳаракати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси билан қандай янгиликлар татбиқ этиляпти? Амалдаги ҳужжатларда қанақа тартиб эдию, янги ҳужжат билан қандай ўзгаришлар бўляпти?
— 2022 йилнинг февраль ойида давлатимиз раҳбари раислигида йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида катта видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди. Унда бир қатор масалалар, муаммолар кўтарилганди. Хусусан, йўлларнинг инфратузилмаси, ҳолати ёмонлиги, соҳадаги ҳуқуқий ҳужжатлар бугунги замон талабларига мос келмаслиги айтилди.
Дарҳақиқат, амалдаги “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун бундан 9 йил олдин қабул қилинган бўлиб, бугунги замон талабларига мос келмай қолган эди. Ўтган даврда йўл ҳаракати соҳасини тартибга солиш борасида бир қатор янги, замонавий воситалар жорий этилди. Масалан, рақамли мосламалар, янги светофорлар, қоидабузарликларни аниқловчи видеокузатув ва камера мосламалари жорий қилинди. Аммо соҳадаги ҳужжатларда буларга оид меъёрлар йўқ, қолаверса, мазкур йўналишдаги ҳуқуқий ҳужжатлар тарқоқ эди.
Амалиётдаги эҳтиёждан ҳамда йиғилишда Президентимиз берган топшириқлардан келиб чиқиб, янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурати юзага келди. Шу мақсадда ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси ҳукумат томонидан парламент қуйи палатасига киритилди. Муҳокамаларда биз депутатлар амалдаги “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги ва “Йўл ҳаракатини ташкил этиш тўғрисида”ги қонунларни бирлаштириб, ягона, унификациялашган “Йўл ҳаракати тўғрисида”ги қонунни қабул қилдик.
Ушбу ҳужжатда соҳани аниқ тартибга солиш борасида ҳар бир жиҳат эътиборга олинди. Шу пайтгача қонунчилигимизда йўл эгаси деган тушунча йўқ эди. Қайсидир маҳалладаги йўлни таъмирлашга эҳтиёж бўлса, ҳокимият “мени йўлим эмас, йўл корхонасига тегишли”, дерди, йўл корхонасига борсангиз, “бу бизнинг балансимизда эмас”, дерди.
Эндиликда мазкур қонун лойиҳаси билан йўл эгаси аниқ белгиланди. 3 тоифадаги йўлларимиз бор — халқаро даражадаги, вилоят, туман ва шаҳар ҳамда хўжаликлараро, яъни ички йўллар. Ушбу йўлларнинг эгаси аниқ белгилаб берилди. Яъни, халқаро тоифадаги йўлларга Транспорт вазирлиги тизимидаги Автомобиль йўллари давлат қўмитаси, вилоят, туман ва шаҳар даражасидаги ҳамда ички йўлларга эса маҳаллий ҳокимликлар жавобгар ҳисобланади.
Қонун билан йўл эгаларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларга қўйиладиган талаблар ҳам белгилаб берилди. Йўлларни таъмирлаш, йўл белгиларини жойлаштириш масалаларини йўл эгалари ҳал этади. Масалан, йўлнинг бирор қисмида таъмирлаш ишлари олиб бориладиган бўлса, йўлнинг ўша қисмига тегишли белгиларни қўйиш, вақтинчалик қўшимча йўл очиш масалалари ўз вақтида ҳал этилмаса, тирбандликлар юзага келади. Бу эса ҳайдовчи ва йўловчиларда эътирозларни келтириб чиқаради. Ана шу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида йўл белгилари қачон ўрнатилади, ким ўрнатади, йўлни таъмирлашни ким амалга оширади, таъмирлашга қўйиладиган талаблар қандай — бу борадаги аниқ меъёрлар белгилаб қўйилди.
— Қонун лойиҳасини кўриб чиқиш давомида йўл четидаги рекламаларни жойлаштириш масаласи жуда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган эди.
— Дарҳақиқат, йўл четидаги рекламаларнинг йўл ҳаракатига, ҳайдовчиларга таъсир қилмаслиги масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Айтайлик, реклама кострукцияларининг жойлашуви йўлга 50 метрдан кам бўлмаслиги, ёриткичлари кўзни оладиган даражада юқори бўлмаслиги каби масалалар бор. Булар эса “Реклама тўғрисида”ги қонун билан бевосита боғлиқ. “Реклама тўғрисида”ги қонун билан зид ҳолатлар юзага келмаслиги учун “Йўл ҳаракати тўғрисида”ги қонун лойиҳасига ҳаволаки норма киритилди. Яъни, реклама билан бевосита боғлиқ ҳолатлар “Реклама тўғрисида”ги қонун билан тартибга солинади. Йўл ҳаракатини ташкил этишга монелик қилиши мумкин бўлган ташқи рекламалар, ахборот воситалари эса “Йўл ҳаракати тўғрисида”ги қонун билан тартибга солиниши белгилаб қўйилди. Тегишли ҳужжатларда ташқи рекламаларни қанча масофада қўйиш, қай тартибда жойлаштириш кераклигига оид бир қанча талаблар мавжуд. Мана шу талабларга асосан ташқи рекламаларни тартибга солиш белгиланди.
— Бу тадбиркорлик субъектларининг реклама билан боғлиқ манфаатларига зид келмайдими?
— Йўқ, зид келмайди. Чунки реклама тадбиркорларнинг фаолиятида, уларнинг маҳсулотларини тарғиб қилишда муҳим. Лекин талаб қўйилдики, бундай воситалар ҳайдовчиларнинг ҳаракатига монелик қилмаслиги керак.
Шунингдек, қонун лойиҳаси билан тўхтаб туриш жойларига ҳам аниқ талаблар қўйилди. Маълумки, бозорлар, йирик гипермаркет, супермаркетларнинг олдида, йўл четларида махсус тўхтаб туриш жойлари мавжуд. Қонун лойиҳасида дастлаб тўхтаб туриш жойларида моддий зарар етказилса, буни тўхтаб туриш жойлари кафолатлайди, деган норма бор эди. Бунга кўпчилик депутатларимиз қарши чиқди. Масалан, бу жой эгаларига боғлиқ бўлмаган ҳолда автотранспорт воситаларига зарар етса ёки ўғирлик содир этилса, тадбиркорлик субъектига зиён бўлиши мумкин. Шу боис бундай тўхтаб туриш жойларида камера бўлиши, атрофи ўраб олиниши керак деган умумий талаблар қўйилди.
Бундан ташқари, пуллик тўхтаб туриш жойлари ҳам борки, уларга пул тўлангандан кейин ўзаро шартномавий ҳолат юзага келади. Шу боис пуллик тўхтаб туриш жойларига ҳам аниқ талаблар қўйилди: видеокамералар бўлиши, кириш-чиқиш жойларида барьерлар жойлаштирилиши, доимий назорат ўрнатилиши, шунингдек, ногиронлиги бор шахслар учун қулайлик яратиш масалалари аниқ белгилаб берилди.
— Қонун лойиҳасида ҳайдовчилик ҳуқуқига тўсқинлик қилувчи касалликлар белгилаб қўйилган. Айнан қандай касалликлар ҳайдовчилик ҳуқуқига тўсиқ бўлади?
— Ҳайдовчилик ҳуқуқига тўсқинлик қилиши мумкин бўлган 20дан ортиқ касаллик турлари мавжуд. Ушбу касаллик турларидан келиб чиқиб, мутахассислар билан ўрганилган ҳолда аниқ рўйхат шакллантирилди ва қонун лойиҳасига илова қилинди. Агар ушбу касалликларга чалинган йўл транспорт ҳодисаси иштирокчиси бўлса, тегишли йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлимларига маълумот берилади. Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлимлари автотранспорт воситаси ҳайдовчисининг касаллик тарихидан келиб чиқиб, тегишли ҳужжатларни судга тақдим этади. Яъни, транспорт воситасини умуман бошқариш мумкин бўлмаган касалликлар бор ёки касаллиги бартараф этилгунга қадар вақтинчалик ҳайдаш мумкин бўлмаган хасталиклар бор. Шундан келиб чиқиб, суд ҳайдовчини умуман ҳайдаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ёки вақтинча рухсат бермаслик бўйича қарор қабул қилади.
Турли транспорт ҳодисаларини ўрганиб, таҳлил қилиб кўрганимизда, автотранспорт ҳайдовчиси бирдан юраги тўхтаб қолиши ёки бирданига ҳаяжонланиб, бошқарувни йўқотиши оқибатида кимнингдир мулкига зарар етказиши ёки соғлиғига зиён етиши, ногирон бўлиб қолиши ёхуд ўлим ҳолатлари билан тугаган вазиятлар бор. Шундан келиб чиқиб, касалликлар тарихига асосан бу борада аниқ рўйхат илова қилинди.
Умуман, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши йўлнинг инфратузилмасини сақлаш бўйича талабларни кучайтиради, йўл эгаларининг масъулиятини оширади, ҳайдовчи ва йўловчиларнинг ҳуқуқларини таъминлашга, турли автоҳалокатларни бартараф этишга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова,
Ёқуб Мелибоев (видео), ЎзА