Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 10 октябрдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишларидан бири сифатида фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, шу жумладан, давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, тайёрлов, таъминот ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари билан муносабатларда, назорат қилувчи органлар томонидан текширишлар ўтказиш жараёнида, судларда ишларни кўриб чиқишда ҳимоя қилиш белгиланган.

– Қарорга мувофиқ, уларнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, улар фаолиятида учраётган муаммоларни ўрганиб, бартараф қилиш юзасидан судларда ишларни кўриб чиқишда иштирок этиб келмоқдамиз, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа тумани фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳуқуқшуноси Жавоҳир Худайберганов. – Хусусан, туман Кенгаши томонидан 2022 йил давомида ҳудудда фаолият юритиб келаётган фермер хўжаликларининг манфаатини кўзлаб 65 та даъво аризаси киритилди. 3 миллиард 800 миллион сўм ундириб берилди. Жумладан, “Қирққизобод” овул фуқаролар йиғинида жойлашган “Чайка сут булоғи” фермер хўжалиги манфаатига Нукус туманлараро маъмурий судига жавобгар Қорақалпоғистон Республикаси Солиқ бошқармасининг фермер хўжалигида камерал текширув ўтказиш бўйича қарорини ҳақиқий эмас деб топиш бўйича даъво ариза киритилиб, суд томонидан қаноатлантирилди. Ҳисобланган 760 миллион сўм қўшимча қиймат солиғи фермер хўжалигига қайтарилди. Қорақалпоғистон Республикаси Солиқ бошқармасининг фермер хўжалигида ноқонуний ўтказилган камерал текширув вақтида фермер хўжалигига кўп миқдорда моддий зарар ҳамда бой берилган фойда аниқланган. Ҳолат бўйича тегишли идоралар билан ўрганиб чиқилиб, фермер хўжалигига бой берилган фойда ҳамда моддий зарар жами 2 миллиард 770 миллион сўм эканлиги аниқланиб, судга даъво ариза киритилган. Ҳозирги кунда суд босқичида турибди.

“Амиробод”  овул фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган “Исмоил Рўзимбетов” дехқон хўжалигида ҳам Қорақалпоғистон Республикаси Солиқ бошқармасининг ушбу дехқон хўжалигида камерал текширув ўтказиш бўйича қарорларини   ҳақиқий эмас, деб топиш бўйича даъво ариза киритилиб, суд томонидан қаноатлантирилди. 327 миллион сўм қўшимча қиймат солиғи деҳқон хўжалигига қайтарилиши устида ишлар олиб борилмоқда.

Мазкур ҳолат бўйича изоҳ бериб ўтадиган бўлсак, Солиқ органи ходимлари томонидан  Президентимизнинг тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларга қулайликлар  ҳамда имтиёзлар яратиш бўйича чиқарилаётган қарорларини инобатга олмаслик ҳолати учраб турибди. Натижада, тадбиркорлар, яъни, фермерларни сарсон-саргардонлик, судма-суд юришига мажбур қилиб келмоқда.

2023 йил март ойи бошланса ҳам туманда фаолият юритиб келаётган айрим пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан фермер хўжаликларининг ўтган йилги етказиб берган пахта хомашёси учун тўловлари бўйича тўлиқ ҳисоб-китоб ишлари амалга оширилмаганлиги сабабли туман Кенгаши томонидан талабномалар чиқарилиб, огоҳлантиришлар берилган.

Фьючерс шартнома “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-хуқуқий базаси тўғрисида” ги қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси билан тартибга солиниб, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган. Лекин пахта-тўқимачилик кластерлари ушбу шартнома шартларига, белгиланган муддатларига эътибор бермасдан, тўланиши керак бўлган пул маблағларини ўз вақтида тўламаслик ҳолатлари кузатилмоқда.

Жорий йилнинг икки ойида тумандаги фермер хўжаликларининг манфаатини кўзлаб 31та даъво ариза киритилди. Ҳозирги кунда киритилган даъво аризалар суд томонидан кўрилмоқда. Тумандаги фермерларнинг 2022 йил ҳосили учун пахта хомашё пул маблағларини кластерлардан ундириб бериш бўйича даъво аризалар тайёрланиб, судга юбориш ишлари олиб борилмоқда.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА