Президентимиз Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган мурожаатномасида ёшларимиз ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш – энг устувор йўналишлардан бири бўлиши лозимлигини таъкидлади. Умуман, ҳар қандай жамият тараққиётида унинг келажагини таъминлайдиган ёш авлоднинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етиши ҳал қилувчи ўрин тутади. Шу сабабли биз ислоҳотларимиз кўлами ва самарасини янада оширишда ҳар томонлама етук, замонавий билим ва ҳунарларни пухта эгаллаган, азму шижоатли, ташаббускор ёшларимизга таянамиз.
Янги Ўзбекистонни ана шундай билимли ва бунёдкор ёшларимиз билан биргаликда барпо этамиз дея таъкидлаб, ҳар бир ҳарбий қисмларга умумтаълим мактабларини бириктириш, ҳарбий-ватанпарварлик тадбирларини, шон-шараф ва жасорат дарслари ташкил этиш бўйича вазифалар белгилаб берилган эди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ҳамда келажак авлодни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган чора-тадбирлар” дастури ижросини таъминлаш мақсадида ёш авлодни маънан етук ва жисмонан соғлом этиб тарбиялашга қаратилган “Ёш чегарачилар” мусобақасини ташкил этиш кўзда тутилган.
Ушбу дастур ижросини таъминлаш мақсадида ДХХ Чегара қўшинлари томонидан бир қатор давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида “Ёш чегарачилар” ҳарбий-ватанпарварлик мусобақасининг 2023 йилдаги мавсумини юқори савияда ташкил этиш бўйича ишчи гуруҳ йиғилиши ташкил этилди.
Мусобақанинг масъул ижрочилари Ўзбекистон Республикаси ДХХ Чегара қўшинлари, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазири, Ўзбекистон Республикаси Мадиният ва туризм вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Ўзбекистон Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракат хавфсизлиги хизмати ҳисобланишади.
Мазкур мусобақанинг асосий мақсади ёш авлоддан ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий қисмлари қошида ташкил этилган “Ёш чегарачилар” клуби сафларини ўсиб келаётган ёш авлод вакиллари билан тўлдириш, ДХХ Чегара қўшинлари сафига муносиб ўринбосарлар тайёрлаш, уларни Ватанга муҳаббат, ҳарбий бурчга садоқат руҳида тарбиялаш, шунингдек, Республика чегараолди ҳудудларидаги уюшмаган ёшларни бирлаштириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ҳамда жиноятчиликни олдини олишдан иборат.
2011 йилдан буён ўтказиб келинаётган ва анъанага айланган “Ёш чегарачилар” ҳарбий-ватанпарварлик мусобақасини бу йилги мавсумини кўтаринки руҳда ва кенг равишда ташкил этиш учун йиғилган ҳамкор ташкилот вакиллари томонидан ўтган йиллар давомида эришилган ютуқ ва камчиликлар, Республика босқичини ўтказиш жойи ҳамда бошқа масалалар муҳокама этилди.
Шунингдек, Республикамиз вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилган саралаш босқичларида ғолибликни қўлга киритиб, Республика босқичига етиб келган 13 та жамоа аъзоларини кутиб олиш, диққатга сазовор жойларга саёҳатга олиб чиқиш, уч кун давомида ётоқ жой, озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланиши ҳамда мусобақалар ғолибларини, уларнинг мураббийларини, “Энг илғор” номинация эгаларини муносиб рағбатлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Нилуфар Бозорова,
ЎзА