Олий Мажлис Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлисида “Давлат харидлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни маъқулланди.

Ушбу масала юзасидан маъруза қилган Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси М.Жумагалдиев қонунда давлат харидларига оид асосий тушунчалар ҳамда давлат харидлари тизимининг ҳуқуқий жиҳатлари, асосий принциплари очиб берилганини қайд этди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги давлат харидлари соҳасидаги ваколатли орган сифатида белгиланиб, унга давлат харидлари бўйича қатор ваколатлар берилмоқда.

Электрон дўкон орқали харид қилиш, электрон дўконнинг иш тартиби ва ундан фойдаланишга оид масалалар батафсил ёритилган.

Аукцион орқали харидларни амалга оширишнинг барча жараёнларини тартибга солувчи қоидалар акс этган.

Давлат харидлари бўйича танлов ва тендерларни ўтказиш мезонларининг аниқ белгилаб қўйилгани ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Бунда харид комиссиясининг фаолияти, танлов ва тендер ўтказиш учун эълонлар, уларда иштирок этиш учун таклифларни бериш, уларни кўриб чиқиш натижаси бўйича шартномаларни тузиш тартиби назарда тутилган. Давлат харидларида мамлакатимиз тадбиркорлик субъектлари учун енгилликлар ва уларни қўллаш тартиби келтирилгани алоҳида эътиборга моликдир.

Харид қилиш тартиб-таомилларининг давлат ва жамоатчилик назорати, шунингдек харидлар самарадорлиги ва натижадорлигининг таҳлили орқали давлат харидларини мониторинг ва назорат қилишга аҳамият берилган.

Шунингдек, харид қилиш тартиб-таомиллари устидан жамоатчилик назорати очиқлик ва шаффофлик принципларини рўёбга чиқариш воситасида амалга оширилади.

 

Норгул Абдураимова,ЎзА