Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ҳамкор ташкилотлар иштирокида шу йилнинг 24-26 апрель кунлари пойтахтимизда «Ҳаракатлар стратегияси ва кучли ижтимоий сиёсат: халқаро амалиёт ва Ўзбекистон тажрибаси» мавзусида халқаро конференция ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, айни пайтда ушбу тадбирга катта ҳозирлик кўрилмоқда.
Куни кеча ЎзКУФКда ушбу нуфузли анжуманни ўтказиш бўйича Ташкилий қўмитанинг йиғилиши бўлиб ўтди. Уни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Қ.Акмалов олиб борди.
Йиғилишда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, халқаро анжуманни ўтказиш бўйича Ташкилий қўмита раиси Қ.Рафиков, Ташкилий қўмита аъзолари, вазирлик, идора ва ташкилотлар, илмий муассасалар ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг раҳбар ва мутасаддилари қатнашдилар.
Унда кун тартибига киритилган масалалар муҳокама қилинди.
— Мазкур анжуман Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 февралдаги 113-Ф сонли Фармойиши ижросини таъминлаш, Ҳаракатлар стратегиясидан келиб чиқувчи вазифалар, мамлакатимизнинг янги иқтисодий ва сиёсий қиёфасини халқаро ҳамжамиятга намойиш қилиш, мамлакатимиз ахли ўз олдига қўяётган эзгу мақсадлар, амалга оширилаётган кучли ижтимоий сиёсат ҳамда унинг амалдаги натижаларини дунё ҳамжамиятига етказиш ва тегишли равишда халқаро тажрибани ўрганиш мақсадида ўтказилмоқда, — деди Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Қаҳрамон Акмалов.
Анжуманда 50 дан ортиқ халқаро ташкилот ҳамда мамлакатлар вакиллари, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар, хорижий давлатларнинг касаба уюшма ташкилотлари мутасаддилари, чет эллик экспертлар, Ўзбекистон Республикаси парламенти аъзолари, мамлакатимиздаги суд ва ҳуқуқ-тартибот органлари, вазирлик ва идоралар, фуқаролик жамияти институтлари, республика ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этиши кутилмокда.
Йиғилишда таъкидланганидек, Ҳаракатлар стратегияси бугун халқимизнинг орзу-истакларини ўзида мужассам этган ҳужжатга айланди. Стратегиянинг ўзига хос жиҳати шундаки, унда бешта устувор йўналиш, яъни давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш йўналишларида мамлакат ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, маданий-маърифий ҳаётининг барча жабҳаларига чуқур кириб борилган бўлиб, айнан шунга кўра, хорижий экспертлар ҳам ушбу дастуриламал ҳужжатнинг юртимиз келажаги учун долзарб аҳамиятга эга эканлигини алоҳида таъкидламоқда.
Халқаро конференциянинг ялпи мажлиси «International Hotel Tashkent» меҳмонхонасининг «Амир Темур» конференц-залида, секциялар бўйича мунозаралар «International Hotel Tashkent» меҳмонхонаси ва «Xalqaro Hamkorlik markazi» АК Халқаро бизнес марказининг конференц-залларида ўтказилиши режалаштирилган.
Анжуман доирасида хорижий меҳмонлар ижтимоий объектлар, хусусан, таълим ва тиббиёт муассасалари, аҳоли учун қурилган арзон уй-жой мажмуалари, юртимизнинг тарихий шаҳарлари билан яқиндан танишиш имконига эга бўладилар.
Ташкилий қўмита йиғилиши якунида ишчи гуруҳлар, масъул вазирлик, идора ва ташкилотларнинг халқаро конференцияни юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш бўйича вазифаларни белгилаб олишди.