Бугун пойтахтимиздаги “Жар” спорт-соғломлаштириш мажмуасида қиличбозлик бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасида қитъа чемпионати баҳслари бошланди.

Осиёнинг 29 давлатидан 650 нафардан зиёд умидли спортчилар қатнашаётган чемпионатнинг дастлабки кунларида ўсмирлар қиличбозликнинг сабля, шпага ва рапира йўналишида яккалик, жамоавий кўринишдаги беллашувларида иштирок этади.

Қитъа чемпионати баҳсларида бевосита 29 та давлат спортчилари қатнашаётган бўлса, мусобақаларни кузатиш, унинг ҳакамлик борасидаги ишларда, шунингдек мусобақалар доирасида пойтахтимизда ўтадиган Осиё қиличбозлик конфедерацияси тадбирларида 38 та давлат вакиллари иштирок этади.

Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси вакилларининг билдиришича, чемпионат доирасида хорижлик спорт жамоалари учун юртимизнинг диққатга сазовор жойларига туристик саёҳатлар, улар иштирокида маданий учрашувлар ташкил этилади.

Жорий йил 9 мартга қадар давом этадиган чемпионатнинг бугунги дастурида ўсмирлар ўртасида яккалик беллашувлари бўлиб ўтади. Унда йигитлар сабля ва шпага, қизлар рапира йўналишида ғолиблик учун кураш олиб боради.

Т.Рўзиев, ЎзА