Финляндия парламенти республиканинг НАТОга қўшилиши тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилиш учун овоз берди. Унда 184 депутат “маъқул” деди, етти нафар депутат “қарши” чиқди. Қонун лойиҳасини якуний ратификация қилиш учун уни давлат раҳбари Саули Ниинистё тасдиқлаши керак.

Бу ҳақда парламент матбуот хизмати хабар берди.

2022 йилнинг 5 декабрь куни Финляндия ҳукумати мамлакат парламентига НАТОга аъзолик тўғрисидаги қонун лойиҳасини юборган эди.

Ўтган йилнинг май ойида Финляндия ва Швеция Шимолий Атлантика альянсига қўшилиш учун ариза беради.

Туркия икки Скандинавия давлатининг НАТОга киришини қўллаб-қувватлаши учун талаблар қўйган. Унга кўра, Анқара курд ташкилотини террорчи, деб эълон қилишни ҳамда 2016 йилда Туркияда давлат тўнтаришига уринишда айбланган шахсларни экстрадиция қилишни сўраган. Буларнинг бирортаси ҳали бажарилмаган.


ЎзА