Женева шаҳрида бошланган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 52-сессиясининг юқори даражадаги сегменти ишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Cпикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори Акмал Саидов раҳбарлигидаги мамлакатимиз делегацияси иштирок этмоқда.
Марказ матбуот хизмати маълумотига кўра, 150 га яқин давлатдан вакиллар қатнашаётган жорий анжуманнинг очилиш маросимида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши раиси В.Балек, Бош Ассамблея 77-сессияси раиси Ч.Кёрёши, Бош котиб А.Гутерриш, Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссар Ф.Тюрк иштирок этиб, сўзга чиқди.
Жаноб Гутерриш иштирокчилар эътиборини иқлим ўзгаришига қарши туриш, ўта қашшоқлик ва очликни бартараф қилиш каби ўта долзарб муаммоларга қаратди.
Дарҳақиқат, бош котиб таъкидлаганидек, иқлим ўзгариши, қашшоқлик ва очарчилик муаммоси сайёрамиз аҳолисининг қарийб тенг ярми – 3.5 миллиард нафар инсон ҳаётини мушкул аҳволда қолдирмоқда. Айни пайт ер юзида зўравонлик, низо, инсон ҳуқуқи бузилиши каби офатлардан қочишга мажбур бўлган инсонлар сони мисли кўрилмаган даражада ошиб, 100 миллион кишига етди.
БМТ маълумотига қараганда, 2023 йил дунё бўйлаб инсонпарварлик ёрдамига муҳтожлар 339 миллион нафарга етган. Бу рақам 2022 йилдаги кўрсаткичдан 25 фоиз кўп.
Юқори даражадаги сегмент мажлисида Конго, Черногория, Колумбия, Президентлари, Чехия ва Яман Бош вазирлари, Қозоғистон, Сербия, Таиланд, Вьетнам, Нидерландия Бош вазирлари ўринбосарлари, Хитой, Ирландия, Парагвай, Чили, Грузия, Финландия, Малайзия, Буюк Британия, Германия, Франция, Индонезия, Норвегия ташқи ишлар вазирлари, қатор давлатлар инсон ҳуқуқи, барқарор тараққиёт, атроф-муҳит ҳимояси масалаларига масъул вазирлик раҳбарлари иштирок этди.
Мажлисда тўғридан-тўғри ёки видеоконференция тарзида сўзга чиққанлар халқаро ҳуқуққа ва БМТ Низомига содиқлик, Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш билан кўп томонлама ва фаол ҳамкорлик, инсон ҳуқуқи ҳимояси истиқболига тўхталдилар. Тараққиёт, таълим, соғлиқни сақлаш соҳасига оид ҳуқуқ ҳам муҳимлиги таъкидланди.
Йиғилиш доирасида кечган, инсон ҳуқуқи билан боғлиқ барча йўналишларни қамраб олган “Юқори даражадаги Йиллик ялпи мунозара”да 2030 йилгача мўлжалланган БМТ Ёшлар стратегиясини амалга ошириш масаласи кўриб чиқилди.
Тадбир давомида делегациямиз, бир томондан, Туркий давлатлар ташкилотига раислик қилувчи мамлакат, иккинчи томондан, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг ёшлар мавзусини дадил илгари сураётган фаол аъзоси сифатида ТДТ номидан баёнот билан чиқди.
Хусусан, ёшлар сиёсатининг самарадорлиги таъкидланди. Айниқса, таълим, бандлик, соғлиқни сақлаш соҳаларидаги ислоҳот барчамиз учун муҳим бўлган тинчлик, хавфсизлик, адолат ва барқарор тараққиётга эришишга хизмат қилади.
Форум иштирокчилари эътибори Кенгашнинг 2021-2022 йилларда Ўзбекистон таклифига кўра қабул қилинган ёшлар ҳуқуқи тўғрисидаги резолюциясига қаратилди. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2022 йил – “Туркий дунёда ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш йили” сифатида эълон қилингани, 2023 йили юртимизда Туркий дунё ёшлари Илм-фан ва инновация халқаро конгресси ўтказилиши эътироф этилди.
Шу тариқа ТДТ ёшлар ҳуқуқини рағбатлантиришга асосланган ёндашувни илгари суриш сиёсатига содиқлиги жаҳон ҳамжамияти эътиборига етказилди. Бу йўлда қўйилажак қадамлар туркий тилли мамлакатлар ёшларининг фаол иштирокида режалаштирилаётгани диққатга молик.
Юқори даражадаги сегмент доирасида Ислом мамлакатлари ташкилотига аъзо давлатлар делегациялари раҳбарлари ва мазкур халқаро ташкилот Бош котиби Х.Таха билан учрашув бўлиб ўтди. Мулоқот якунида томонлар сессия доирасида муҳокама қилинаётган долзарб мавзулар юзасидан ягона нуқтаи назарга эга бўлиш муҳимлигини маъқулладилар.
Саидмурод РАҲИМОВ, ЎзА