Омбудсман ҳузурида қийноқларнинг олдини олиш бўйича Миллий превентив механизм жорий этилгани инсон ҳуқуқларини таъминлашда муҳим ўрин тутмоқда.

Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) бошчилигида унинг ҳудудлардаги минтақавий вакиллари ҳамда қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳлари аъзолари иштирокида пенитенциар муассасаларга мониторинг ташрифлари мунтазам ўтказилмоқда.

2019 йилда 46 маротаба, 2020 йилда 71 маротаба, 2021 йилда 177 маротаба, 2022 йилда 381 маротаба мониторинг ташрифлари амалга оширилди. Мониторингларда муассасаларда сақланаётган шахсларнинг яшаш шароитлари, озиқ-овқат билан таъминланиши, керакли тиббий хизмат кўрсатилиши, руҳий ёки жисмоний босимлар бор ёки йўқлиги ўрганилмоқда.

Тошкентда ҳаракатланиш эркинлиги чекланган муассасаларга ўтказиладиган мониторингларда жинсий ва гендер зўравонлик ҳолатлари ва уларни бартараф этиш масалаларига бағишлаб ўтказилган семинарда юқоридаги рақамлар қайд этилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда қайд этилишича, фуқаролар ҳуқуқи, эркинлиги кафолати кучайтирилмоқда.

Жумладан, инсон қадр-қимматини камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларига мутлақо йўл қўймаслик мақсадида кенг кўламли ишлар йўлга қўйилди.

Натижада ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларда инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича парламент ва жамоатчилик назорати ўрнатилишига эришилди.

Тадбир давомида қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида гендер масалалари, қамоққа олиш жойларида жинсий ва гендерга асосланган зўравонлик содир бўлиш хавфини аниқлаш ва бу борадаги хорижий тажриба ҳамда халқаро стандартлар, маҳкум ва маҳбуслар билан мулоқот кўникмалари ва бошқа мавзуларда муҳокамалар ўтказилди.

Ўзаро савол-жавоб ва қизиқарли интерактив ўйинлар орқали ташкил этилган семинар якунида иштирокчиларга сертификатлар топширилди.

Н.Абдураимова, ЎзА