Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги раҳбарларининг Дори воситалари ва тиббий буюмлар муомаласини тартибга солиш, аҳолига сифатли дори воситаларини етказиб бериш, фармацевтика тармоғидаги муаммоларни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чоралар тўғрисидаги ахбороти эшитилди.
– Бугунги кунда мамлакатимиз аҳолиси сони 36 миллиондан ошди, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари У.Иноятов. – Бу эса, ўз навбатида, халқимиз генофондини сақлаш, аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларимизни янада кучайтиришни тақозо этади. Бу борада аҳолини дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирлар ўз самарасини кўрсатмоқда.
Шунингдек, парламент қуйи палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси раиси Елена Борисова кириш сўзида соҳадаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, қабул қилинган қонунлар ҳақида тўхталди. Жойларда сайловчилар билан учрашувларда аҳоли томонидан дори воситалари билан боғлиқ қатор саволлар кўтарилаётганини қайд этди.
Шундан сўнг кун тартибидаги масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова, вазирлик ҳузуридаги «Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази» ДУК директори Мирзоҳид Қодиров, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Улуғбек Эгамов маъруза қилди.
– 2020-2024 йилларда Ўзбекистон Республикасининг фармацевтика тармоғини ривожлантириш концепцияси доирасида 2020 йилда 2,4 триллион сўмлик, 2021 йилда 3,6 триллион сўмлик, 2022 йилда 4,1 триллион сўмлик фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш жорий этилди, – деди Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Улуғбек Эгамов. – Шунингдек, инвестиция дастурига киритилган 42 та инвестицион лойиҳа доирасида биргина 2022 йилда 83,3 миллион доллар инвестиция маблағлари жалб қилиниши ҳамда умумий қиймати 31,5 миллион долларлик 10 та лойиҳа ишга туширилиши натижасида 437 та янги иш ўрни яратилган. Мамлакатимизда фаолият юритаётган 103 та фармацевтика корхонасида халқаро ва миллий стандартлар жорий қилинган. 2022 йилнинг ўзида янги 18 та фармацевтика корхонаси ишга туширилган, 335 номдаги дори воситалари ишлаб чиқарилмоқда. Бугунги кунда фармацевтика маҳсулотларини экспорт қилиш географияси ҳам кенгайиб, 34 тадан 39 тага етди. Маҳаллий корхоналарнинг экспортга йўналтирилиши, ўз навбатида, сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини таъминлайди.
2023 йилда ҳам бу борадаги ишлар давом эттирилиб, дори воситаларини ишлаб чиқариш 5,2 триллион сўмга етказилади. 3 триллион сўмлик маҳсулотларни маҳаллийлаштириш режалаштирилган. 350 турдаги маҳаллий дори воситалари сонини 500 тага етказиш кўзда тутилган. Бу борада Зангиота туманидаги фармацевтика саноат зонасида ишлар олиб борилмоқда.
Шунингдек, йиғилишда таъкидланганидек, 2022 йил давомида 77 минг 212 турдаги дори воситалари ва 12 минг 714 та тиббий буюмларга мувофиқлик сертификатлари расмийлаштирилган.
Эшитувда сўз олган депутатлар дорихоналар фаолиятини тартибга солиш, бу соҳани бизнесга айлантирмаслик, тиббий дори воситаларининг сифати ва хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади. Шунингдек, соҳанинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш, табобат соҳасидан унумли фойдаланиш борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Муҳтарама Комилова,
Даврон Эрназаров (сурат), ЎзА