Ўзбекистонда 2022 йилда 4 минг 147 нафар бемор болага тиббий, ижтимоий ҳамда психологик ёрдам кўрсатилган. Шулардан 20 нафар бемор бола Туркия, Германия, Россия, Беларусь давлатининг нуфузли клиникаларига даволаниш учун юборилган.

Бундай хайрли ишлар Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан амалга оширилди.

Давлат бюджети ҳисобидан мазкур фондга 2021-2022 йилларда маблағларни амалда ўзлаштирилишига қараб юз миллиард сўм беғараз молиявий ёрдам ажратилди.

Бу маблағлар ижтимоий ҳимояга муҳтож ва ногиронлиги бор болаларни даволаш, тиббий-ижтимоий қўллаб-қувватлаш, дори-дармонлар сотиб олиш, мураккаб операцияларни ўтказиш ва протез-ортопедик буюмлар билан таъминлаш, касб-ҳунарга ўргатиш каби мақсадлар учун ишлатилган.

Эҳтиёжманд, кам таъминланган оилалардаги бемор болаларни ижтимоий-тиббий қўллаб-қувватлаш ва имтиёзли даволанишлари учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида 2022 йил давомида амалга оширилган ишлар таҳлилига бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида шу ҳақда сўз юритилди.

Олий Мажлис палаталари ва Вазирлар Маҳкамаси муассислигида ташкил қилинган Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг Васийлик кенгаши ва экспертлар гуруҳи шакллантирилган бўлиб, улар мунтазам равишда ҳар бир маблағни тўғри ва мақсадли сарфланишини назорат қилиб бормоқда.

Жамоат фонди томонидан турли нуқсонлар билан туғилган болаларга жарроҳлик амалиётини ўтказиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Андижон, Фарғона, Қашқадарё вилоятларида “Эзгулик манзили”, “Болаларга табассум” хайрия акциялари ўтказилган. Тўрт мингга яқин бемор болалар юқори малакали мутахассислар томонидан тиббий кўрикдан ўтказилди.

Мураккаб жарроҳлик амалиётида зарур бўлган тиббий анжомлар сотиб олиниши натижасида 350 нафар боланинг ҳаёти сақлаб қолинди.

Тадбирда амалга оширилган шу каби ишлар ва келгусидаги режалар ҳақида маълумотлар берилди.

ЎзА