Қишлоқ хўжалигини сув ресурслари билан барқарор таъминлаш мақсадида 2023 йилда сув ресурсларини бошқаришда узлуксиз тизимни йўлга қўйиш, сувни тежайдиган рақамли технологияларни жорий қилиш ҳисобига сувни етказиб беришдаги табиий йўқотишлар ҳажми 10 фоизгача камайтирилади.
Қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш ва балиқ етиштириш (ўстириш) учун фойдаланиладиган сув ҳажми бўйича солиқ ставкасини ошириш орқали сув солиғи бўйича тушумларнинг бир қисми туманларда суғориш хизматларини ривожлантириш, ариқ, зовур ва каналларни бетонлашга йўналтирилади.
Жорий йил якунига қадар сув ресурсларини бошқаришда рақамли технологияларни кенг жорий қилиш, сув тежовчи технологиялардан фойдаланиш, зарур ирригация ва мелиорация тадбирларини ўз вақтида амалга ошириш орқали камида 7 миллиард метр куб сув иқтисод қилиниб, 300 минг гектар майдонда такрорий экинларни суғоришга йўналтирилади.
Сувнинг ҳисобини очиқ-ошкора юритиш тизимини жорий этиш мақсадида 13 мингта сув хўжалиги объектларини рақамлаштириш билан боғлиқ барча харажатлар Давлат бюджети маблағлари ва халқаро молия институтлари грантлари ҳисобидан молиялаштирилади.
16 та йирик насос станцияларини давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиш чора-тадбирлари кўриб чиқилади.
Бу вазифалар Президент Шавкат Мирзиёев фармони билан 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланди.
ЎзА