Бугун Тошкент шаҳрида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасига старт берилди.Шу муносабат билан Алишер Навоий номидаги кино саройининг орқа томонидаги майдонда тадбир ташкил этилди.

Унда Тошкент шаҳар ҳокими в.в.б. Бахтиёр Раҳмонов, табиат ресурслари вазири Азиз Абдуҳакимов ҳамда бошқа давлат ва жамоат ташкилоти вакиллари иштирок этди.

Тадбир доирасида дарахт, бута, гул кўчатлари ҳамда ўсимликлар парвариши учун муҳим бўлган озуқавий моддалар кўргазмаси ташкил этилди. Унда 50 турдан ортиқ 20 мингдан зиёд кўчатлар намойиш этилди.

Жорий йилнинг баҳор мавсумида 625 минг дона манзарали, мевали ва бошқа турдаги дарахт ва бута кўчатларини экиш бўйича манзилли дастур ишлаб чиқилган. Унинг доирасида «Янги Ўзбекистон» боғига ёндош 100 гектар ҳудудда боғ ташкил қилиш режалаштирилган. Шу билан бирга кўп қаватли уйлар атрофи, хиёбонлар, сайилгоҳлар ва бошқа манзилларга 20 миллиондан ортиқ мавсумий гуллар, райҳон ва бошқа турдаги маҳаллий кўчатлар экилади.

Лойиҳа доирасида 23 гектардан зиёд майдонлар ва каналларнинг ён тарафларини кўкаламзорлаштириш ишлари давом эттирилади.

Хусусан, Олмазор туманидаги А.Қодирий боғида 11 гектар, М.Улуғбек туманидаги Ғ.Ғулом боғида 1,9 гектар ва Юнусобод туманидаги Астрономия боғида 3,5 гектар ҳудуд кўкаламзорлаштирилади.

Экилган кўчатларни парваришлаш ишлари, яъни суғориш, таг қисмини чопиқ қилиш, минерал ва органик озуқалар билан озиқлантириш ҳамда зараркунандаларга қарши ишлов бериш ишлари олиб борилади.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Табиат ресурслари вазирлиги томонидан «Замин» фонди билан биргаликда пойтахтдаги мавжуд барча дарахтларнинг электрон реестри шакллантирилаётгани  ўсимликларни асраш ва сақлашда муҳим омиллардан бири бўлиб хизмат қилади.

 

Н.Раҳмонова,  

ЎзА