Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ C5+1 ҳамкорлиги форматини институционал ривожлантиришга интилиши керак. Бу ҳақда Қозоғистон бош вазири ўринбосари – ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди минтақа мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари ва АҚШ давлат департаменти раҳбари Энтони Блинкен ўртасида бўлиб ўтадиган учрашув олдидан айтиб ўтди.
“Эришилган муваффақиятларга таянган ҳолда С5+1 форматини институционал ривожлантиришда давом эттиришимиз керак. Мазкур формат иқлим ўзгариши муаммоларини ҳал қилиш учун АҚШ инвестицияларини ҳамда илғор технологияларини олишга қаратилган жуда зўр платформа ҳисобланади”, – деди у.
Унинг айтишича, Қозоғистон томони келгусида ҳам С5+1 ҳамкорлик форматини ривожлантириш ниятида.
“Биз учун янги муқобил савдо йўлларини очиш устида иш олиб бориш жуда долзарб ҳисобланади, чунки бу билан издан чиққан етказиб бериш занжирларини қайта тиклаймиз. Шу муносабат билан С5+1 мамлакатлари делегациясини 8-9 июнда бўлиб ўтадиган “Остона” халқаро форумига таклиф этмоқчиман. Мазкур форумда сиёсий етакчилар, олимлар ва хусусий компаниялар вакиллари иштирок этади”, – дея таъкидлади Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги раҳбари.
Тлеуберди, шунингдек, Марказий Осиёда ички минтақавий савдо-сотиқ 2022 йилда 25 фоизга ўсганини ва қарийб 8 миллиард долларни ташкил этганини маълум қилди.
С5+1 формати Марказий Осиёнинг бешта давлати билан АҚШ ўртасида кўп томонлама ҳамкорлик механизмини ўз ичига олади. У иқтисодиёт, экология ва хавфсизлик соҳаларидаги минтақавий масалаларни муҳокама қилиш учун 2015 йилда ташкил этилган.