Марказий банк бошқарувининг 2023 йил 18 февралдаги қарори билан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Макропруденциал сиёсати асослари тасдиқланди.

Макропруденциал сиёсат асослари республика молия тизимининг барқарорлигини таъминлаш, тизимли хатарларни аниқлаш, уларга жавобан самарали чоралар кўриш бўйича Марказий банкнинг макропруденциал сиёсат ёндашувини аниқ белгилаб олиш мақсадида ишлаб чиқилди.

Мазкур ҳужжатни ишлаб чиқишда халқаро ташкилотлар, хусусан, Банк назорати бўйича Базел қўмитаси, Халқаро валюта жамғармаси, Халқаро ҳисоб-китоблар банки ва Молиявий барқарорлик кенгашининг тавсиялари ҳамда чет эл марказий банклари тажрибалари инобатга олинди.

Макропруденциал сиёсат деганда тизимли хатарларни чеклашга ва молиявий тизимнинг бутун ёки айрим қисмлари издан чиқиши орқали юзага келиши мумкин бўлган иқтисодиёт учун жиддий салбий оқибатларни юмшатишга қаратилган чора-тадбирлар мажмуи тушунилади.

Шу нуқтаи назардан, Макропруденциал сиёсат асослари Марказий банк томонидан Ўзбекистонда молия тизими барқарорлигини таъминлашга қаратилган макропруденциал сиёсатни амалга оширишнинг умумий концепциясини белгилаб беради.

Макропруденциал сиёсат асосларида макропруденциал сиёсатнинг аҳамияти, бош ва оралиқ мақсадлари, воситалари ҳамда уни амалга ошириш тамойиллари ва босқичлари белгиланган. Шунингдек, ҳужжатда макропруденциал сиёсатга оид асосий тушунчалар изоҳи (глоссарий) келтирилган.

 

ЎзА