Мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш, ишсиз фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш, камбағалликни қисқартириш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Бу борада ўтган 2022 йил давомида турли соҳаларда 2,7 миллион аҳолининг доимий бандлиги таъминланган. 4 миллиондан зиёд аҳоли мавсумий меҳнатга жалб этилган. Юридик шахслар томонидан 1 миллион 335 минг, шундан янги инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш ҳисобига 305 минг аҳолининг доимий бандлиги таъминланди. Ҳудудлардаги корхоналар сони 85 мингтага кўпайиб, 550 мингтага етгани ҳисобига расмий банд бўлганлар сони 400 мингтага ошиб, 5 миллион 100 мингтани ташкил қилди.

Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси ҳамда Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида қайд этилди. Унда халқ вакиллари Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг 2022 йилда бандлик дастурларининг ижроси, соҳадаги мавжуд муаммолар ва 2023 йилдаги режалар тўғрисидаги ахборотини эшитди.

Вазирлик ахборотида келтирилишича, 79 та фаолият тури бўйича ўзини ўзи банд қилиш имконияти яратилгани натижасида 2022 йилда 1,1 миллион фуқаро рўйхатдан ўтди ва уларнинг сони 2 миллиондан ошди. Якка тартибдаги тадбиркорлар ҳисобига 101 минг, деҳқон хўжаликларида 199 минг фуқаро иш билан таъминланди.

Эшитувда таъкидланганидек, ҳар бир маҳаллада ҳоким ёрдамчиси лавозимининг жорий этилиши ҳудудлардаги аҳоли қатламларининг эҳтиёжи, қизиқишлари батафсил ўрганилишига, уларнинг тадбиркорлик фаолияти йўлга қўйилишига ҳисса қўшаётир. Бу борада 2022 йили оилавий тадбиркорлик дастури доирасида ҳоким ёрдамчилари тавсияномалари асосида 9 триллион сўмлик кредит маблағлари ажратилган ва 388 мингта лойиҳа ишга туширилган.

Бандликни таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар натижасида ўтган йилда республикада йил бошига нисбатан ишсизлик 9,6 фоиздан 8,9 фоизга камайгани алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, эшитувда жорий 2023 йилда бандликни таъминлаш бўйича режалаштирилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумотлар тақдим этилди. Таъкидланганидек, шу йил 25 январь куни Президентимиз томонидан камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган 5 миллион аҳоли бандлигини таъминлаш, шу жумладан 2 миллион доимий иш ўринларини яратиш борасидаги вазифалар юзасидан ишлар бошлаб юборилган.

Хусусан, тадбиркорлар фаолиятини кенгайтириш учун кредит миқдори амалдаги 225 миллион сўмдан 300 миллион сўмгача оширилади. Деҳқон хўжаликларига гаровсиз кредит миқдори 50 миллион сўмгача кўпайтирилади.

 

Муҳтарама Комилова,  

ЎзА