Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ“ марказий кўргазмалар мажмуида «Қурилиш – UzBuild 2023» 24-халқаро кўргазмаси ўз ишини бошлади.

“Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси ва бир қатор расмий ташкилотлар кўмагида ташкил этилган кўргазмада 22 давлатдан 350 компания маҳсулотларини намойиш этмоқда.

Кўргазма очилишида таъкидланганидек, ушбу йирик қурилиш саноати намойиши нафақат маҳаллий ва хорижий корхоналарни ўзаро ҳамкорликка чорлайди, балки мамлакатимизда замонавий қурилиш ва пардозлаш материаллари, асбоб-ускуналар, «ақлли уй», «яшил технологиялар» каби инновациялардан фойдаланган ҳолда қурилиш ишларининг сифатли бажарилишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

“Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси бош директори Нигора Ҳасанованинг қайд этишича, ўз кўлами ва иштирокчилар сони бўйича “UzBuild – 2023” нафақат Ўзбекистонда, балки минтақадаги нуфузли халқаро тадбир ҳисобланади.

– Бу йилги кўргазма майдони 15,000 квадрат метрни, яъни жами кўргазма павильонлари ва очиқ кўча майдонни эгаллаган. Унда Ўзбекистон, Австрия, Беларусь Республикаси, Германия, Дания, Ҳиндистон, Эрон, Испания, Италия, Финляндия, Швейцария каби 22 мамлакатдан 350 компания қатнашмоқда. Кўргазмада маҳаллий корхоналар иштироки 60 фоизни ташкил этади. «Ўзметкомбинат» АЖ, «Оҳангаронцемент» АЖ, «Durable Beton» МЧЖ, «AKFA Group», «Тошкент металлургия заводи» МЧЖ кабилар шулар жумласидандир. Шунингдек, Россия Федерациясидан 88 та, Туркиядан 60 та, Германиядан 36 та, Хитойдан 30 та ва Италиядан 22 та компания маҳсулотларни тақдим қилмоқда. Унда Туркия миллий экспозициясида қурилиш техникаси ва технологиялари соҳасидаги янгиликларни намойиш этса, Германия миллий стендида қурилиш машиналари, ускуналари, материаллари ва технологияларининг етакчи ишлаб чиқарувчилари «MADE IN GERMANY» савдо белгиси остида энг яхши ишланмалар билан танишиш мумкин. Ўзбекистон компаниялари стендларида металл конструкциялар, дераза ва эшиклар, локлар ва бўёқлар, табиий ва сунъий тошлар, бетон ва асфальт маҳсулотлари, декоратив қоплама материаллари, сендвич панеллар каби маҳсулотлар намойиш этилмоқда, – деди Н. Ҳасанова.

Самарқанд вилоятидаги «Azia metall prof» масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхонаси ҳам ушбу кўргазмада маҳсулотларини намойиш этмоқда. Корхона раҳбари Парвиз Собировнинг қайд этишича, бугунги кунда корхона маҳсулотлари 12 давлатга экспорт қилинмоқда.

– 850 нафар жамоадан иборат қўшма корхона 17 турдаги қурилиш маҳсулотларини ишлаб чиқаради. Бу каби кўргазмалар биз учун катта имконият яратади, яъни маҳсулотларимизга харидор топамиз, ишлаб чиқарувчилар билан танишамиз ва соҳадаги янгиликларда хабардор бўламиз, – деди П.Собиров.

Кўргазманинг яна бир иштирокчиси – Хитойнинг “Yongfeng Cellulose Co., Ltd.” компанияси бош менежери Донг Юн Ли ўзбек ҳамкорлари билан уч йилдан буён биргаликда ишлаётганини алоҳида қайд этди.

– Биз Ўзбекистонда учинчи бор кўргазмада қатнашяпмиз, – деди Донг Юн Ли. – Компаниямиз целлюлоза эфирининг профессионал ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади. Шунингдек, у тадқиқот ва ишланмалар, ишлаб чиқариш, сотиш ва экспорт савдосини ўзида жамлаган. 2010 йилда ўз фаолиятини бошлаган компания бугунги кунда Америка, Ҳиндистон, Миср, Ўзбекистон каби давлатларга маҳсулотини экспорт қилмоқда. Целлюлоза қурилиш маҳсулотларини ишлаб чиқаришда кенг фойдаланилади. Шу сабабли, бугунги кўргазма ўзбекистонлик ҳамкорларимиз билан биргаликда бизнесимизни ривожлантиришга хизмат қилади.

Кўргазма доирасида Қурилиш саноати халқаро анжумани ҳам бўлиб ўтмоқда. Унда маҳаллий ва халқаро экспертлар замонавий қурилиш, янги ёндашувлар, тушунчалар ва халқаро стандартлар, қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни ривожлантириш каби масалаларда фикр алмашмоқда.

Кўргазма 3 март куни ўз ишини якунлайди.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА мухбири