Маълумки, Ўзбекистон иқтисодиётининг энг муҳим йўналишларидан бири бу экспортдир. Бунинг учун ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспорт салоҳиятини кенгайтириш учун қулай шароит яратиш зарур.

Шу боисдан, сўнгги йилларда мамлакатимиз экспорт салоҳиятини янада ошириш, бизнес муҳитини яхшилаш, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошираётган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш борасида муҳим қадамлар қўйилди.

Соҳанинг қонуний асосини мустаҳкамлаш мақсадида 60 мингдан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Бунинг натижасида ташқи савдо жараёнлари соддалаштирилиб, экспорт қилувчи корхоналар фаолиятида қатор енгилликлар яратилди.

Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 20 декабрдаги “Экспортга кўмаклашиш ва уни рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Экспортни қўллаб-қувватлаш миллий тизими яратилди.

Экспорт қилувчилар маҳсулотини экспорт бозорига ташиш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизигача қоплаш учун  компенсация олишлари мумкин. Шунингдек, суғурта хизматлари экспорт қилувчилар томонидан гаров сифатида фойдаланилган тақдирда суғурта мукофотининг компенсациясини олиш тартиби ҳам жорий қилинди.

Бундан ташқари, бугунги кунда юртимизда экспорт қилувчи корхоналарнинг фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш мақсадида уларнинг экспорт операциялари бўйича ташқи харажатларини қоплаб беришга қаратилган молиявий ёрдам турлари жорий қилинган.

Бу молиявий ёрдам тури экспортчи корхоналарнинг логистика харажатларини қисқартириш орқали нарх ва сифат жиҳатдан ташқи бозорда рақобатбардош бўлишларини қўллаб-қувватлашга қаратилган. Йилдан йилга молиявий ёрдам турлари янада кенгайтирилмоқда. 2020 йилда 68 турдаги товарга 50 фоизгача миқдорида компенсация тақдим этилган бўлса, бугунги кунга келиб, 206 турдаги товарга ташқи харажатларни қоплаб бериш бўйича компенсация тақдим этилмоқда. Бундан ташқари қўшни мамлакатларга экспорт қилинаётган 85 турдаги товарларга ҳам транспорт харажатларини қоплаб бериш бўйича ҳам молиявий ёрдам кўрсатиб келинмоқда.

Президентимизнинг 2020 йил 21 октябрдаги “Экспорт фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлашни янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мамлакатимизда экспортни рағбатлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларнинг мантиқий давоми бўлди.

Ушбу ҳужжат экспорт қилувчилар учун қатор қўшимча имтиёзларни назарда тутади. Хусусан, Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан корхоналарга бериладиган кафолатлар бўйича янги имтиёзлар тасдиқланди.

Мазкур ҳужжат қабул қилингунга қадар тижорат банкларининг экспорт олди кредит бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун компенсация фақат ишлаб чиқарувчи экспортчиларга берилган. Мазкур фармон билан йирик имтиёз асосий фаолияти савдо воситачилиги бўлган экспорт қилувчиларга ҳам жорий этилди.

Бугунги кунда Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан 272 та корхонага 164 миллион АҚШ доллар миқдорида экспорт олди кредит маблағлари ажратилган. Улар томонидан 703 миллион экспорт амалга оширилган ва бу ҳозир ҳам давом этмоқда.

Экспорт қилувчи корхоналар фаолиятидаги асосий муаммолардан яна бири бу айланма маблағ етишмаслигидир. Жорий қилинган янги тартиб орқали яна бу борада яратилаётган имкониятлар кенгайтирилди. Хусусан, айланма маблағларни тўлдириш учун тижорат банклардан олинган кредитлар бўйича тақдим этиладиган кафолат миқдори 4 миллиард сўмдан 8 миллиард сўмгача оширилди.

Президентимизнинг 2020 йил 31 октябрдаги “Экспорт фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлашни янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан экспортчи корхоналарнинг маблағга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида ҳамда уларни экспорт мажбуриятларини бажаришда кўмаклашиш мақсадида айланма маблағларини таъминлаш бўйича моддий ёрдам кўрсатиш тизими жорий қилинган.

Ушбу турдаги молиявий ёрдамдан кўзлаган асосий мақсад экспортчи корхоналарни харидорлар олдидаги мажбуриятларини ўз вақтида тўлиқ бажариш, бундан ташқари сифатли ва рақобатбардош товарларни ишлаб чиқаришдир. Шунингдек, янги турдаги товарлар билан ташқи бозордаги янги харидорлар топиш ва экспорт географиясини кенгайтириш кўзда тутилган.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 30 сентябрдаги “Тадбиркорлик субъектларининг экспорт салоҳиятини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида “Янги Ўзбекистон – рақобатбардош маҳсулотлар юрти” дастури амалга оширилмоқда. Мазкур дастур доирасида 200 та экспортчи корхонани саралаб, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш орқали етакчи экспортчи корхонага айлантириш вазифаси белгиланган эди. Мазкур дастурни уч босқичда амалга ошириш белгиланган. Яъни, биринчи босқичда 2022 йил якунига қадар 50 етакчи экспортчи корхоналар саралаб олинди. 2023 йил бошида эса улар сони 100 тага етказилди. 2023 йил 1 июлдан эса босқичма-босқич улар сони 200 тага етказилади. Бугунги кунга қадар дастурга қаратилган 100та экспортчи корхоналарнинг 36 тасига 71 миллиард сўмлик ҚҚС тезлаштирилган тартибда 7 кун ичида қайтариб берилди.

Бундан ташқари 20 тасига экспорт олди молиялаштириш мақсадида 17,3 миллион долларлик молиявий ресурслар ажратилди. Шу билан бирга мазкур экспортчи корхоналарда халқаро сертификат ва стандартларни жорий этиш учун 30 минг долларгача бўлган қийматда Экспортни рағбатлантириш агентлигидан молиявий ёрдам олиш имконияти мавжуд. Йил бошидан бугунги кунга қадар 100 та экспортчи корхона томонидан 120 миллион долларлик экспорт амалга оширилган.

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институтининг маълум қилишича, 2017–2022 йиллар мобайнида мамлакатимизнинг экспорт географияси 16 та мамлакатга кенгайиб, бугунги кунда маҳсулотларимиз 117 та мамлакатга етиб бормоқда. Товар номенклатурасида 2017 йилдаги 179 хил маҳсулот тури 2022 йилга келиб 200 дан ортди.

Шунингдек, пахта толаси экспортидан воз кечилиб, унинг ўрнига пахтадан тайёрланган қўшилган қиймати юқори товарлар экспорти йўлга қўйилди. Жумладан, умумий қиймати 1 613,5 миллион АҚШ долларига тенг бўлган пахтадан йигирилган ип, 644,9 миллион долларлик тайёр трикотаж ва тўқимачилик маҳсулотлари, 242,8 миллион долларлик нақшли мато, 131,6 миллион долларлик газламалар, 78,1 миллион долларлик ипак ва ипак маҳсулотлари, 42,1 миллион долларлик гилам маҳсулотлари экспорт қилинди.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ёрлиқдаги миллий маҳсулотларимиз хорижий бозорда муносиб жой эгалламоқда.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА