Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Ўзархив» агентлиги тизимида амалга оширилган ишлар юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Агентлик директори Улуғбек Юсуповнинг таъкидлашича, архив ишини ривожлантиришнинг ўтган йилга мўлжалланган режаси 21 та кўрсаткич бўйича давлат архивлари томонидан бажарилди.

Хусусан, бу давр давомида «Ўзархив» агентлиги тизимида жами 6 та бино, жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Қонликўл тумани давлат архиви, Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани давлат архиви, Навоий вилояти давлат архиви, Зарафшон шаҳар давлат архиви, Сирдарё вилояти давлат архиви, Фарғона вилояти Сўх тумани давлат архиви фойдаланишга топширилди.

189 минг 810 сақлов бирлигидаги қоғоз асосидаги 15 миллион 999 минг 368 кадр, 348 сақлов бирлигидаги кино, 22 минг 628 ҳисоб бирлигидаги сурат ва 456 сақлов бирлигидаги овозли ҳужжатларнинг электрон нусхалари яратилган.

Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш бўйича «Архив иши» ягона ахборот тизими (my.archive.uz), «Давлат архивларида рақамлаштирилаётган ҳужжатларнинг ягона сақловини таъминлаш ҳамда улардан фойдаланиш» ахборот тизими (e.archive.uz) ишга туширилди.

Корхона ва ташкилотларда архив иши ва иш юритиш бўйича услубий ҳамда амалий ёрдам кўрсатиш бўйича 947 та ялпи ўрганиш, 528 та мавзули ўрганиш ишлари олиб борилди. Корхона ва ташкилотлар учун соҳага оид ички норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш бўйича идоравий ҳужжатлар, йиғма жилдлар номенклатураси, иш юритиш йўриқномаси ишлаб чиқилди.

«Ўзархив» агентлиги ва ҳудудий бошқармалар томонидан ташкилотлар ҳамда корхоналарда архив иши ва иш юритиш ҳолати устидан давлат назоратини амалга ошириш бўйича 2022 йил давомида 290 та назорат текширувлари ўтказилиб, 218 та тақдимнома киритилган, 11 та маъмурий баённома расмийлаштирилган. Шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга 4 та материал юборилган.

Агентлик тизимидаги архив муассасаларида бугунга қадар, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда камчилик ҳамда ҳуқуқбузарликка йўл қўйгани учун 2 нафар раҳбар ва масъул ходимга жиддий огоҳлантириш берилиб, 72 нафар раҳбар ва масъул ходимга интизомий жазо чоралари қўлланилган.

Ўзбекистон миллий архивида сақланаётган 1917 йилгача бўлган архив ҳужжатларидан 10 та фонддан жами 56 та йиғма жилд ўрнатилган тартибда махфийликдан чиқарилган.

Гулноза Бобоева, ЎзА