Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги томонидан “Статистика ишлари дастури доирасида 2022 йилда амалга оширилган ишлар ҳисоботи” мавзуидаги матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Маълумки, Статистика агентлиги ўз фаолиятини “Расмий статистика тўғрисида”ги қонун ва унга мувофиқ ишлаб чиқиладиган статистика дастурлари асосида ташкил этади. Расмий статистика соҳасида статистика кузатувларини ўтказиш, статистика маълумотларини шакллантириш ва тарқатиш ҳар йили миллий ва хорижий фойдаланувчиларнинг статистика маълумотларига бўлган эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилади.
Тадбирда қайд этилганидек, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 7 февралдаги 61-сон қарори билан тасдиқланган 2022 йил учун Статистика дастурига мувофиқ, жами 3 мингга яқин статистика ишлари белгиланган муддатларда бажарилган. Шундан 1 минг 705 таси статистика органлари томонидан амалга оширилган.
Агентлик томонидан макроиқтисодий кўрсаткичлар ва баланслар, иқтисодиёт тармоқлари кўрсаткичлари, ижтимоий соҳа кўрсаткичлари ва Корхона ва ташкилотлар ягона давлат регистри кўрсаткичлари юқори даражада шакллантирилган. Вазирлик ва идоралар томонидан статистика органларига расмий статистикани тайёрлаш учун 445 та маъмурий маълумотлар тақдим этилган ҳамда 817 та статистика ишлари расмий статистиканинг бошқа тайёрловчилари томонидан ўз ваколатлари доирасида тайёрланган.
–Агентликнинг stat.uz расмий веб-сайти “Расмий статистика” бўлимида макроиқтисодий кўрсаткичлар, миллий ҳисоблар, нарх ва индекслар, саноат, қишлоқ хўжалиги, аҳоли турмуш даражаси ва бошқа қатор статистика йўналишлари бўйича 400 та статистика маълумотлари тўпламлари эълон қилинди, – деди Статистика агентлиги ахборот хизмати раҳбари Усмон Абдурасулов. – Фойдаланувчилар томонидан расмий статистика маълумотларини излаб топишда қулайлик яратиш мақсадида “Статистика” интеграллашган ахборот тизими негизида siat.stat.uz портали ишга туширилди. Ҳозирги кунда, мазкур порталда мингдан ортиқ расмий статистик кўрсаткичлар 10 йиллик динамик қаторларда, шунингдек, 30 йиллик асосий макрокўрсаткичлар жойлаштирилди.
Статистика агентлиги томонидан миллий ҳисоблар кўрсаткичларини ҳисоблаш услубиётлари “МҲТ-2008” халқаро услубиёти қоидаларига тўлиқ мувофиқлаштирилди.
Шунингдек, тадбирда очиқ маълумотлар порталини такомиллаштириш, маълумотлар сифатини ошириш ва кўламини кенгайтиришда эришилган натижалар хусусида ҳам маълумотлар берилди.
Ўзбекистон БМТ томонидан Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни ёритиб бориш бўйича 87 та энг илғор тажрибага эга давлатлар қаторига киритилгани қайд этилди.
Гулноза Бобоева, Ойбек Пардаев(сурат), ЎзА.