ФОТОРЕПОРТАЖ
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан нуфузли халқаро фан олимпиадаларда иштирок этувчи Ўзбекистон терма жамоасига номзодлар билан ўтказилаётган кучайтирилган ўқув-машғулотлари жараёнларига бағишланган пресс-тур ташкил этилди.
Таъкидлаш жоиз, Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан сўнгги йилларда юртимиз ёшларининг халқаро фан олимпиадаларидаги иштирокини юқори даражада ташкил этиш мақсадида қатор тадбирлар олиб борилмоқда. Хусусан, нуфузли халқаро фан олимпиадаларда иштирок этувчи Ўзбекистон терма жамоасига номзодлар билан ўқув машғулотлари ўтказилмоқда.
Айни пайтда ана шундай машғулотлар пойтахтимизда жойлашган Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактабда биология ва кимё фанлари, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида информатика ва ахборот технологиялари фанлари, Тошкент вилояти халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказида математика ва физика фанлари бўйича олиб борилмоқда.
Жорий йилнинг 18-19 февраль кунлари Тошкент вилояти халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказида математика, физика, биология, кимё фанларидан, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабда информатика ва ахборот технологиялари фанидан нуфузли халқаро олимпиадаларда иштирок этувчи Ўзбекистон терма жамоасига номзодларни саралашнинг II босқичи ўтказилган эди. Унда физика, математика, кимё, биология ҳамда информатика ва ахборот технологиялари фанларидан саралаш олимпиадасининг I босқичида юқори ўринларни эгаллаган ҳамда 2022-2023 ўқув йилида бўлиб ўтган минтақавий халқаро олимпиадаларда ғолиб бўлган ўқувчилар иштирок этди.
Ушбу босқичларда сараланган жами 71 нафар ўқувчи ўқув машғулотларига жалб этилди.
Май ойида саралаш олимпиадасининг якуний – III босқичи ташкил этилиши режалаштирилган. Ушбу саралаш натижаларига кўра, юқори натижа кўрсатган 23 нафар ўқувчи жорий йилда ўтказиладиган қатор нуфузли халқаро фан олимпиадаларда қатнашади.
Ўқув машғулотларида халқаро фан олимпиадаларда иштирок этувчи Ўзбекистон терма жамоасига номзод ўқувчиларга олий таълим ўқитувчилари ҳамда ўтган вақт давомида халқаро фан олимпиадаларда ғолибликни қўлга киритган мутахассислар ўз йўналиши бўйича билим бермоқда.
Пресс-тур давомида журналистларни қизиқтирган барча саволларига мутахассислар томонидан батафсил жавоб берилди.
Камола Юсупова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА.