Россия Жанубий Кавказда “зиён етказма” тамойилига амал қилади, аммо минтақадаги барча томонлар бундай ёндашувни қўлламаяпти. Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Бокуда озарбайжонлик ҳамкасби Жейхун Байрамов билан музокара якуни бўйича ўтказилган матбуот анжуманида гапирди.
Унинг сўзларига кўра, “ҳамма давлатлар ҳам, биринчи навбатда, Жанубий Кавказдан узоқдагилар бир хил тамойилга амал қилмаяпти”.
Шу билан бирга Россия ТИВ раҳбари Европа Иттифоқини Озарбайжон ва Арманистон билан муносабатни суистеъмол қилишда айблади.
“ЕИ Арманистон ҳудудида миссия жойлаштирмоқчи, бу қонунийлик нуқтаи назаридан анча шубҳали”, деди у. Лавров Москва Россия, Озарбайжон ва Арманистон ТИВ раҳбарлари учрашувини ўтказишга тайёрлигини таъкидлади.
Ўз навбатида Байрамов “Озарбайжон музокара олиб боришга доим тайёр”лигини маълум қилди.
“Арманистон томони музокара моҳиятидан чалғитиш учун тўсиқ қўймоқда, охирги пайтда арман томони кўришишдан бош тортяпти”, деди вазир.
Байрамов таъкидлашича, “ҳозир амалда онлайн тарзида музокара ўтказилмоқда, Арманистон мулоқот майдонига қанча тез қайтса, шунча тез натижага эришамиз”.
ЎзА