Бугун, 28 февраль куни Россия Федерацияси Кемерово вилоятида «Осиё болалари» II халқаро қишки спорт ўйинларида Ўзбекистон хоккейчилари иштирокидаги илк ўйин бўлиб ўтди.Учрашувда мамлакатимизнинг ёш хоккейчилари Қирғизистон жамоасини 17:0 ҳисобида доғда қолдирди.

– Новокузнеск шаҳрининг «Кузнеский муз» саройида иккинчи дивизион «В» гуруҳида Қирғизистон жамоаси билан баҳслашдик. Ўйин тўлиқ хоккейчиларимиз устунлигида ўтди. Албатта, ҳисобнинг бундай кўриниш олиши ўз-ўзидан бўлгани йўқ. Қирғизистон жамоаси ҳам учрашувга алоҳида тайёргарлик кўрганди. Учрашув бошланиши олдидан ўтказилган машғулотларда уларнинг техник-тактик ҳаракатларини ўргандик. Йигитларимизга тавсия этилган тўғри ўйин тактикаси ўз натижасини кўрсатди, – дейди телефон орқали мулоқотда Ўзбекистон хоккей федерацияси ижрочи директори Элбек Маҳмудов.

Осиёнинг 12 мамлакати, Беларусь ва Россиянинг 8 минтақасидан мингга яқин спортчи иштирок этаётган ўйинларнинг хоккей баҳсларида 9 жамоа 3 гуруҳга бўлинган ҳолда баҳслашмоқда.

Юртимиз хоккейчилари энди қирғизистонлик рақибларига қарши иккинчи ўйинни 2 март куни ўтказади. «Осиё болалари» II халқаро қишки спорт ўйинлари 5 мартга қадар давом этади.

 

Т.Рўзиев,

ЎзА