Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Республикадаги нодавлат таълим ташкилотларининг ўқув курсларида ёшларнинг ахборот технологиялари соҳасида таҳсил олиши учун таълим кредити ажратишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга кўра, нодавлат таълим ташкилотларининг ўқув курсларида ёшларнинг ахборот технологиялари соҳасида таҳсил олиши учун таълим кредити ажратиш тизими йўлга қўйилади.
Таълим кредити ажратиш тартиби тўғрисида Низомга кўра, Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси томонидан ҳар йили беш минг нафаргача ахборот технологиялари соҳасида таҳсил олаётган ёшларга таълим кредитлари ажратилади.
Кредитлар базавий ҳисоблаш миқдорининг 65 бараваригача миқдорда Марказий банкнинг асосий ставкасида бир йиллик имтиёзли давр билан 4 йил муддатга ажратилади.
“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га кирган оилалар фарзандларига ахборот технологиялари соҳасида таҳсил олиш бўйича ажратилган кредитлар учун гаров ва кафиллик талаб этилмайди.
ЎзА