Давлатимиз раҳбарининг 27 февралдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2023 йил 1 майдан бошлаб тиббиёт муассасаларида даволанаётган ногиронлиги бўлган болага ғамхўрлик қилиш учун шу муассасада унинг отаси ёки онасига (уларнинг ўрнини босувчи шахсга) ёхуд оиланинг болани бевосита парваришлаётган бошқа аъзосига ногиронлиги бўлган боланинг ёнида бирга бўлиш учун шароит яратилади.

Жумладан, стационар тиббиёт муассасаларида ногиронлиги бўлган болани парваришлаётган шахсга мазкур давр учун меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади.

Болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга ғамхўрлик қилувчи шахслар (ота-онаси ва бошқалар) учун даволаш даврида давлат стационар тиббиёт муассасаларида бепул овқатланиш йўлга қўйилади.

Қарорда белгиландики, педиатрия тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан болаларнинг ногиронлиги бўлган шахс деб топилиши асосли эканлигини аниқлаш мақсадида уларни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимларининг йўлланмасига асосан қайтадан тиббий-ижтимоий экспертизага юбориш тартиби бекор қилинади.

Бу имконияти чекланганларни ногиронлигини исботлаш йўлидаги югур-югурлар ва сарсонгарчиликдан озод этади.

ЎзА