Жорий йилнинг 1-18 март кунлари Тошкент ҳамда Фарғонада 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё кубоги ўйинлари дунёнинг 100 га яқин мамлакатидаги телеканаллар ва интернет тармоғи орқали намойиш этилади.

Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциациясида мазкур ўйинларни юқори савияда ташкил этишга бағишланган ташкилий қўмита йиғилишида айтилди.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси раисининг бирини ўринбосари Равшан Эрматов ва Ёшлар сиёсати ва спорт вазири маслаҳатчиси Аваз Каримов иштирокидаги йиғилишда мусобақанинг ташкилий масалалари кўриб чиқилди.

Йиғилиш давомида ўйинларда иштирок этадиган жамоалар ва Осиё футбол конфедерацияси вакиллари ва меҳмонларни кутиб олиш, уларга зарур шароитларни яратиш, меҳмонхоналардаги қулайликлар, стадионлар ва машғулот майдонлари сифатини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Осиё кубоги ўйинлари жараёнида стадионларда томошабинлар учун қўлайликлар, транспорт ҳаракатини тартибга солиш, жамоат хавфсизлигини мувофиқлаш жиҳатларига эътибор қаратилди.

Футбол ихлосмандлари диққат марказида бўладиган мазкур қитъа кубоги ўйинларининг бир қатор учрашувлари мусобақа тақвимига биноан пойтахтимиздаги “Бунёдкор” ўйингоҳида ўтказилиши белгиланган.

Айтиш лозим, 34 минг нафар томошабинни ўз бағрига сиғдира оладиган “Бунёдкор” стадиони Осиё кубоги гуруҳ босқичининг 1 март куни бўладиган Ўзбекистон-Сурия, 3 март кунги Саудия Арабистони-Қирғиз Республикаси, 4 март кунги Ироқ-Ўзбекистон, 6 мартдаги Хитой-Саудия Арабистони, 8 мартдаги Корея Республикаси-Тожикистон ўйинларини қабул қилади. Шунингдек, 11 мартда ўтказиладиган чорак финал, 15 мартдаги ярим финал ҳамда 18 март кунига белгиланган финал учрашуви ҳам мазкур ўйингоҳда ташкил этилади.

Эслатиб ўтамиз, 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё кубоги ўйинларида қитъанинг 16 та жамоаси совринли ўринлар ҳамда Индонезияда ўтадиган Жаҳон чемпионати йўлланмаси учун баҳслашади. Ўйинлар Тошкентдаги “Бунёдкор” стадиони билан бирга пойтахтимиздаги “Локомотив”, “ЖАР” ва Фарғонадаги “Истиқлол” стадионларида ўтказилади.

Т.Рўзиев, ЎзА