Бугун, 25 февраль куни Россия Федерацияси Кемерово вилоятида “Осиё болалари” II халқаро қишки спорт ўйинларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади.
Хабар берганимиздек, мазкур қишки спорт ўйинларида мамлакатимизнинг хоккей жамоаси ва фигурали учиш бўйича ёш спортчиларимиз иштирок этмоқда.
«Осиё болалари» II халқаро қишки спорт ўйинларида иштирок этаётган Ўзбекистон спорт жамоаси раҳбари, мамлакатимиз хоккей федерацияси ижрочи директори Элбек Маҳмудовнинг ЎзА мухбирига билдиришича, кеча спортчиларимиз дастлабки ўқув машғулотларни ўтказишди.
–Мусобақаларга тайёргарлик жараёнлари режа асосида олиб борилмоқда. Ёшларимизнинг кайфияти аъло. Хоккей бўйича ўсмирлар терма жамоамиз учун ушбу ўйинлар халқаро майдондаги илк расмий турнир бўлганлиги учун бироз ҳаяжон ҳам йўқ эмас, – дейди. Э. Маҳмудов.
Осиёнинг 12 та мамлакати, Беларусь ва Россиянинг 8 минтақасидан минг нафардан зиёд спортчилар иштирок этаётган ўйинларнинг кеча айрим спорт турларидаги илк баҳслари ташкил этилди. Мамлакатимиз ёшлари хоккей мусобақаларини кузатиб боришди.
Қишки “Осиё болалари” ўйинларининг хоккей баҳсларида 9 та жамоа 3 та гуруҳга бўлинган ҳолда совринли ўринлар учун курашади. Юртимиз хоккейчилари қуръа натижасига кўра, 2 гуруҳда Мўғулистон ва Қирғизистон жамоалари билан жой олишган. Терма жамоамиз биринчи ўйинни 28 февраль куни ўтказади.
Жорий йилнинг 5 мартига қадар давом этадиган “Осиё болалари” II халқаро қишки спорт ўйинларида ёш спортчилар чанғи спорти, тезкор конькида учиш, фигурали учиш, хоккей, чанғида сакраш, эркин услуб, сноуборд, чанғи спорти ва қор волейболи бўйича 57 та медаллар жамланмаси учун кураш олиб боради.
Т. РЎЗИЕВ, ЎзА