Самарқандда оғир атлетика бўйича ўсмирлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати давом этмоқда.
Жорий йил март ойида Албанияда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатига саралаш мақсадида ўтказилаётган мусобақада бир қатор вазнларда ғолиб ва совриндорлар аниқланди.
Жумладан қизлар ўртасида 55 килограмм вазнда ўтказилган баҳсларда қашқадарёлик Шаҳноза Жабборова даст кўтаришда 78, силтаб кўтаришда 100 ва икки кураш натижасига кўра, 178 кило тошни ўзига бўйсундириб, олтин медалга сазовор бўлди.
Кумуш медаль яна бир қашқадарёлик оғир атлетикачи Зиёда Худойқуловага насиб этди. У даст кўтаришда 74, силтаб кўтаришда 85, икки курашда 160 кило тошни кўтаришга эришди.
Ушбу вазнда бронза медалига эга чиққан наманганлик Зарбону Раҳимжонова 61/74/135 кўрсаткични қайд этди.
Шунингдек, ўғил болалар ўртасида 55 килограммда Миразиз Мирсобиров (Наманган) 94/120/214 кўрсаткич билан олтин, Бобур Ёқубов (Жиззах) 90/105/195 кўрсаткич билан кумуш ва Наврўз Маҳмудов (Самарқанд) 86/103/189 кўрсаткич билан бронза медалига сазовор бўлди.
Ўсмирлар ўртасида 61 килограмм вазнда Азизбек Шомуротов (Хоразм) 103/134/237, Жавоҳир Ғафуров (Самарқанд) 102/123/225, Омадбек Содиқжонов (Наманган) 101/123/225 кўрсаткич билан шоҳсупадан жой олди.
Бугун, 24 февраль куни қизлар ўртасида 59 килограммда, ўғил болалар орасида эса 67, 73, ва 81 кило оғирликда Ўзбекистон чемпионлари аниқланади.
Мамлакат биринчилиги баҳслари 27 февралга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА