Шу кунларда пойтахтимиздаги «Универсал» спорт мажмуасида кураш бўйича катталар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтмоқда.

Жорий йил Туркияда ўтказилиши кутилаётган Жаҳон чемпионати ҳамда Хитойда бўладиган ёзги Осиё ўйинларида ватанимиз шарафини ҳимоя қиладиган терма жамоани шакллантиришга хизмат қиладиган чемпионатнинг биринчи кунги баҳсларида аёллар ва эркаклар ўртасида 3 тадан вазнда кучлилар аниқланди.

Муросасиз беллашувлар сарҳисобига кўра, барчинойлар орасида ўз вазнларида сирдарёлик Улбўсин Ҳакимова, пойтахт вакиласи Ситора Элмуродова, андижонлик Ибодат Агажонова, эркаклар ўртасида бухоролик Абдулазиз Ҳамроев, Тошкент вилояти полвони Артём Штурбабин ва қашқадарёлик Ҳамид Ҳайдоров ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди. Шунингдек, яна 18 нафар спортчи кумуш ва бронза медалларига мушарраф бўлди.

Бугун, 24 февраль куни ўтадиган чемпионат мусобақаларида эркаклар 81 ва 90 килограммда, аёллар 63, 70, 78 кило оғирликда совринли ўринлар учун баҳс олиб боради.

Мусобақалар 25 февралга қадар давом этади.

 

Т.Рўзиев,  

ЎзА