Болгарияда давом этаётган “Странжа” турнири тобора ўзининг энг юқори нуқтасига яқинлашмоқда. Турнирдаги ортда қолаётган ҳар бир кун кутилган ва кутилмаган вазиятлар, натижаларга бой бўлмоқда.

Кеча минглаб бокс ихлосмандлари орзиқиб кутган учрашув юз бермади. Жалолов – Кункабаев иштирокидаги қизиқарли жанг қозоғистонлик чарм қўлқоп устасининг рингга чиқмагани сабабли ҳамюртимиз Баҳодир Жалолов фойдасига ҳал бўлди ва боксчимиз тўғридан-тўғри кейинги босқичга йўл олди.

Демак, “Токио-2020” Олимпиадаси финалчилари ўртасида рўй бериши керак бўлган саккизинчи жангнинг ташкил этилмагани туфайли ҳисоб 6:2 кўринишини олди. Баҳодир Жалолов устунлигини яна бир карра мустаҳкамлади. Бокс ихлосмандларига қизиқарли бўлган Жалолов – Кункабаев тўқнашуви жорий йил 1-14 май кунлари Тошкентда бўладиган Жаҳон чемпионатида рўй берадими ёки йўқ номаълум.

Ҳасанбой Дўсматов, Баҳодир Жалолов, Абдумалик Халаков, Мадиёр Саидраҳимов сингари ўнлаб жаҳон боксида ўз сўзига эга боксчиларнинг “Странжа” нарвонидан собит кўтарилаётгани қизиқарли ҳамда шиддатли жанглар олдинда эканлигидан далолат бермоқда.

Бевосита қолган учрашувларга тўхталадиган бўлсак, кечаги кун баҳсларида Ўзбекистон терма жамоасининг тўрт нафар аъзоси томошабинлар сафидан жой олди. Уларнинг икки нафари ҳиндистонлик, бир нафари хитойлик боксчидан мағлуб бўлди. Ёш боксчимиз Темурхон Собиров жароҳати туфайли мусобақадаги иштирокини якунлади. Боксчиларимизнинг 14 нафари бевосита жанглар натижасида рақибларидан медаллар учун курашиш имкониятини тортиб олган бўлса, Баҳодир Жалолов ва  Нурислом Исмоилов рақибларининг рингга чиқмаслиги орқали совринлар учун курашни давом эттирадиган бўлди.

Бугун, 24 февраль куни ўтказиладиган баҳсларда 51 килограммда Ҳасанбой Дўсматов – Сеан Мари (Ирландия), 57 килода  Абдумалик Халаков — Оразбек Ассилкулов (Қозоғистон), 75 килода Ҳавасбек Асадуллаев — Каллум Питерс (Австралия), 63,5 килода Руслан Абдуллаев — Озмен Керем (Туркия), 63,5 килода  Мужибилло Турсунов — Малик Ҳасанов (Озарбайжон), 75 килода Аълохон Абдуллаев — Нурканат Райис (Қозоғистон), 92 килода Лазизбек Муллажонов — Кено Мачадо (Бразилия), 80 килода Жасурбек Йўлдошев — Бекзад Нурдаулетов (Қозоғистон), 92 килода  Мадиёр Саидраҳимов — Хулио Кастильо (Эквадор) ва аёллар ўртасида 48 килода Саидахон Раҳмонова — Глория ДʼАмеида (Франция) жанглари ўтказилади.

Эътиборли жиҳати, мазкур ўнта жангнинг учтасида боксчиларимиз қозоғистонлик спортчилар билан рўбарў келади.

 

Тўлқин Рўзиев,  

ЎзА