ФОТОРЕПОРТАЖ

Миллий спортимиз Кураш инсон танаси сиҳатлигини мустаҳкамлабгина қолмай, аҳоли орасида айниқса, ёшлар қалбида миллий ғурурни юксалтириш, ватанпарварлик туйғуларини шакллантириш орқали азалий қадриятларимизга меҳру муҳаббат ҳисларини жилолантиришда катта аҳамият касб этади.

Бугун пойтахтимиздаги «Универсал спорт саройи» юртимизнинг забардаст полвонларини гиламга чорлади.

Чемпионат гиламига  60, 66, 73, 81, 90, 100, +100 вазн тоифасидаги эркаклар билан бир қаторда 48, 52, 57, 63, 70, 78, 87, +87 вазндаги Барчинойлар чиқадилар. Шунингдек, мазкур мусобақада 4 карра жаҳон чемпиони, Осиё чемпиони Муҳсин Ҳисомиддинов, 2 карра жаҳон ва Осиё чемпиони Шерали Жўраев, Осиё чемпионати совриндори, бир қатор халқаро турнирлар ғолиби Жонибек Қозоқов, тўй курашлари орқали халқимизга танилган  сурхондарёлик Зоҳид полвон Ҳусаинов, Дзюдо кураши бўйича Олимпиада қатнашчиси, Осиё ўйинлари совриндори Бекмурод Олтибоев иштирок этмоқда. Чемпионатда  600 нафарга яқин полвон ғолиблик учун ўзаро куч синашади.

Ғолиблар Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритиш билан бирга 2023 йилги жаҳон ва Осиё чемпионатлари ҳамда жорий йилда Хитойда бўлиб ўтадиган Осиё ўйинларида юртимиз шарафини ҳимоя қиладилар.

Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА