Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати маълумотларига кўра, юртимиздаги барча умумтаълим мактабларининг 9-10-синф ўқувчилари ўртасида фан олимпиадасининг Қорақалпоғистон Републикаси ва вилоят босқичи бошланди.
Вазирлик томонидан ўқувчи-ёшларнинг истеъдоди ва ижодий қобилиятини аниқлаш, уларни рағбатлантириш, ўғил-қизларда ўзи танлаган фанларларни чуқур ўрганишга қизиқишини ошириш, келажакда касбни тўғри танлашига кўмаклашиш мақсадида умумтаълим фанлари бўйича олимпиада мунтазам ташкил этилади.
Мазкур олимпиада 22 фан бўйича 3 босқичда – мактаб, туман (шаҳар) ва вилоят босқичида 9-10-синф ўқувчилари ўртасида ўтказилади. Бу йилги вилоят босқичида жами 13 минг 233 нафар ўқувчи ўзаро беллашмоқда.
Ушбу босқич ёзма иш ва тест синови кўринишида ташкил этилади.
Барча фанлар бўйича ҳакамлар ҳайъати таркибига бир нафардан ҳудуддаги олий таълим муассасаси, халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази ҳамда академик лицей ва касб-ҳунар коллежининг тажрибали ўқитувчилари жалб этилди.
Қолаверса, олимпиада жараёнларида жамаотчилик назоратини ташкил этиш мақсадида олимпиада ўтаётган синфхоналарда аудитория раҳбари ва назоратчи билан бирга ота-оналардан вакил ҳам иштирок этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, умумтаълим фанлари бўйича олимпиаданинг III (вилоят) босқичида ҳар бир фандан 76 баллдан юқори натижага эришган ўқувчилар ғолибликни қўлга киритади. Фан олимпиадаси ғолиблари ҳудудий ташкилий қўмитанинг фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари билан тақдирланади.