Жорий йил февраль ойининг учинчи ўн кунлиги мамлакатимиз спортчилари учун ҳар жиҳатдан масъулиятли мусобақаларга бойлиги билан ёдда қолмоқда.
Боксчиларимиз Болгариядаги “Странжа” халқаро турнирида, шахматчимиз Нодирбек Абдусатторов Германияда дунёнинг энг кучли 10 нафар шахматчиси иштирокида ўтказилаётган “WR Chess Masters” турниридаги муросасиз баҳсларда қатнашмоқда.
Кеча “WR Chess Masters” турнирининг 5-тур ўйинлари ортда қолган бўлса, боксчиларимизнинг 12 нафари дастлабки саралаш басҳларида муваффақиятга эришди.
Германиянинг Дюссельдорф шаҳрида кечаётган “ақл жанглари”нинг якунланган 5-турида ҳамюртимиз германиялик Винсент Кеймерга қарши қора доналарда ҳаракатланди. Ўйиннинг 23-юришида Нодирбек оқ доналарда ҳимоя ҳолатида бўлган немис шахматчисини деярли мот ҳолатига келтирганди. Аммо, кутилмаган ноаниқ ҳаракат охир-оқибат учрашув Кеймер фойдасига якунланишига олиб келди.
Бугун 6-тур баҳсида Абдусатторов ҳиндистонлик Доммараю Гукеш билан рўбарў келади.
Нодирбекнинг Дюссельдорфдаги “оқ-қора” тахталардаги мураккаб ҳолатидан холи тарзда София рингларида Ўзбек бокси шиддатини намойиш этаётган чарм қўлқоп усталаримиз кеча шов-шувли натижа қайд этишди.
Саралаш жангларида иштирок этган 13 нафар боксчимиздан 12 нафари рингни ғалаба билан тарк этди. Абдумалик Халаков, Руслан Абдуллаев, Нурислом Исмоилов, Мужибулло Турсунов, Саиджамшид Жафаров, Миразизбек Мирзахалилов, Асадхўжа Мўйдинхўжаев, Шаҳзод Музаффаров, Бекзод Ҳамидов, Шоҳжаҳон Абдуллаев, Одилжон Аслонов ва Мадиёр Саидраҳимов қийинчиликсиз кейинги босқичга йўл олишди.
Бугун, 22 февраль куни яна бир қатор боксчиларимиз, жумладан жаҳон чемпиони ва Олимпия ўйинлари ғолиби Баҳодир Жалолов, Рио Олимпиадаси ғолиби Ҳасанбой Дўсматов рингга кўтарилиши кутилмоқда. Жалолов илк жангини америкалик Жошуа Эдвардсга қарши ўтказса, Дўсматов Европа бокс конфедерацияси байроғи остида ҳаракатланаётган Сало Дзланис билан куч синашади.
Эслатиб ўтамиз, бокс бўйича 74-бор ташкил этилаётган “Странжа” халқаро турнири 26 февралга қадар, шахматчилар ўртасидаги “WR Chess Masters” турнири 25 февралга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА