Қоҳира, 20 февраль. ЎзА махсус мухбири Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ хабар қилади.
Буюк аждодимиз Аҳмад Ал-Фарғоний Мисрда яшаб, мисли кўрилмаган кашфиётларни амалга оширган. Қоҳира шаҳрида, Нил бўйида унинг шарафига ўрнатилган ҳайкал Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги азалий дўстликнинг ёрқин рамзига айланган.
Маълумотларга қараганда, Аҳмад Ал-Фарғоний Марв, сўнгра Боғдод, Дамашқ ва Қоҳира шаҳарларида фалакиёт (астрономия), риёзиёт (математика) ва жуғрофия фанлари билан шуғулланган, қатор илмий ва амалий асарлар ёзиб қолдирган.
Ал-Фарғоний Ироқдаги Синжар чўлида тадқиқот ўтказиб, Ернинг думалоқ шаклда эканини яна бир бор исботлади.
У Қуёш соатларини ишлаб чиқиб, улар ёрдамида сайёралар орасидаги масофани ўлчади. Марс ҳажми Ернинг 8/15 қисмига, Ердан Юпитер 95, Сатурн эса 90 баробар катталигини ҳисоблаб чиқди. Бу рақамлар замонавий кўрсаткичлардан катта фарқ қилмаслиги олимнинг илмидан даракдир. Ал-Фарғонийнинг ушбу ўлчовлари 15 асрга қадар Шарқ ва Ғарбда қўлланиб келинган.
Милодий 856 йилда Ал-Фарғоний Қоҳирага кўчади ва умрининг сўнггига қадар Мисрда илм-фан билан шуғулланади.
Алломанинг буюк ишларидан ҳайратланган халифа Мутаваккил 861 йилда Ал-Фарғонийга Нил дарёсидаги сув сатҳини ўлчайдиган иншоот барпо этишни топширади.
Олим Қоҳира яқинидаги Фустат шаҳрига келиб, Нил дарёсидаги Равза оролида Ниломерни қуради. Илмий-техник ва меъморий жиҳатдан ғоят улуғвор бу қурилма ҳозирга қадар сақланиб қолган.
Мусулмон мамлакатлари бўйлаб сафарга чиққан Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги халқаро экспедиция аъзолари 1997 йил декабрда Мисрда бўлиб, Аҳмад Ал-Фарғоний ҳаёти ва фаолиятини ўрганган.
Аллома Фустат шаҳрида вафот этгани, Мунаттам тоғининг шарқий қисмига яқин жойлашган Имом аш-Шофеъ қабристонига дафн этилгани аниқланди. Вақт ўтиши билан унинг қабри йўқолиб кетган. У ердан олиб келинган тупроқ Фарғона вилоятининг Қува шаҳрида 1998 йилда барпо этилган рамзий қабрга қўйилган.
2007 йил 19 апрелда Равза оролидаги Ниломер яқинида Аҳмад Ал-Фарғоний ҳайкали ўрнатилган.
Қоҳира Ниломери
Қоҳира ниломери – Аҳмад Ал-Фарғоний бошчилигида аббосий Халифа ал-Мутаваккилнинг амри билан 861 йилда Қоҳира шаҳри яқинидаги Равза оролида Нил дарёси сув сатҳини ўлчаш мақсадида қурилган иншоот. Ниломер баъзи Шарқ муаллифлари асарларида “Миқёс ан-Нил”, деб аталади.
Ниломер тўртбурчак шаклдаги қудуқ кўринишида бўлиб, Нил дарёси билан учта ер ости сув йўллари орқали туташган.
Қудуқ ўртасида оқ мармар билан қопланган (баландлиги 10 метр) саккиз қиррали устун ўрнатилган. Устунда сув сатҳини ўлчашга имкон берадиган йирик даражот (кўрсаткич) бўлиб, у майда даражотга бўлинган. Йирик даражот араб тирсак бирлиги (тахминан 54 см)га, майдалари эса унинг 1/24 қисми (қирот)га, яъни 2,25 см га тенг.
Кузатувчи сув сатҳи ҳақида ҳисоб олиш учун айланма зинапоядан тушиб чиққан. Ниломер дарё сув сатҳини катта аниқликда ўлчашга имкон берган. Жаҳон метеорология ташкилотига аъзо бўлган барча давлатларда сув ҳавзалари (дарёлар, кўллар, сув омборлари, ҳатто денгиз ва океанлар)нинг сатҳлари ҳам шу принципда ўлчанади.
Ниломердан яқин ўтмишга қадар фойдаланиб келинган. Агар Нил дарёсида сув сатҳи пасайса, қоҳираликлар қурғоқчилик ва очарчиликка тайёрланганлар. Нил сатҳининг меъёрдан юқори бўлиши сув тошқинидан далолат берган.
Бугун, 20 февраль куни бир гуруҳ ўзбекистонлик оммавий ахборот воситалари вакиллари Қоҳирада буюк аждодимиз Аҳмад Ал-Фарғоний ҳайкалини зиёрат қилдик, Нил дарёси сув сатҳини ўлчаш мақсадида қурилган иншоот. Ниломер ҳақида янаям батафсил маълумотга эга бўлдик.
Ниломердан 1960-йилларда Асвон сув омборини лойиҳалашда фойдаланилган. Ҳозирда Ниломер туристик масканга айлантирилган.
Рустам ШОРАҲИМОВ, Муҳиддин АЛИМБАЕВ олган суратлар