Ўзбекистон Республикаси Президенти “Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга кўра, шаҳар автобус йўналишларида чекланган тарифлар бўйича йўловчилар ташиш брутто-шартнома тизими асосида босқичма-босқич жорий этилади. Яъни, автобусда йўловчи ташиш хизматини кўрсатувчи ташувчилар билан ҳисоб-китоблар «босиб ўтилган йўл» ва «сифат» мезонлари асосида ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.

Ташувчилар учун йўлкира ҳақини кунлик йиғиш режа-топширишини белгилаш амалиёти бекор қилинади.

Ҳар бир автобус йўналиши бўйича ташувчилар электрон тендер натижалари бўйича аниқланади.

Қорақалпоғистон Республикаси Транспорт вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар транспорт бошқармалари қошида ташувчилар томонидан йўналиш кўрсаткичлари бажарилишини мониторинг қилиш, бажарилган иш ҳажми ва сифатини аниқлаш ҳамда баҳолаш, йўлкира ҳақи тўланишини ва кўрсатилган хизматлар сифатини назорат қилиш учун автоматлаштирилган диспетчерлик бошқаруви ва назорат тизими ташкил этилади.

Янги тизим 2023 йил 15 апрелдан бошлаб – Тошкент шаҳрида;

2024 йил 1 январдан бошлаб – Андижон, Самарканд, Наманган, Қарши ва Урганч шаҳарларида;

2024 йил 1 июндан бошлаб – Нукус шаҳри ва бошқа вилоятлар марказларида амалга оширилади.

Жамоат транспортидан фойдаланишда йўловчилар учун қулай тарифларни жорий этиш ҳамда электрон тўловларни оммалаштириш мақсадида

бир соат ичида бир йўналишли йўловчи транспортидан бошқасига ўтиш сонидан келиб чиққан ҳолда имтиёзли ва бепул тарифлар қўлланилади. Шунингдек, йўналишли йўловчи транспортидан фойдаланишда, унинг туридан қатъий назар, кунлик, бир, уч ва олти ойлик, йиллик чекланган ва чекланмаган тариф режалари жорий этилади. Йўлкира ҳақини тўлашда электрон тўлов тизимидан фойдаланишни рағбатлантирувчи тарифлар белгиланади.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги янги тарифларни ишлаб чиқиб, халқ депутатлари шаҳар Кенгашида ва жамоатчилик муҳокамасидан ўтказади ҳамда 2023 йил 1 апрелдан бошлаб амалиётга жорий этилади.

Тошкент шаҳри жамоат транспорти учун 200 та 18 метрли ва 500 та 12 метрли табиий газда ишлайдиган автобуслар ҳамда 300 та 12 метрли электробуслар;

Нукус шаҳри ва вилоят марказлари жамоат транспорти учун жами 1000 та табиий газда ишлайдиган автобусларни харид қилинади.

ЎзА