Газиантеп шаҳрида қутқарувчилар уй вайроналари остидан 2 миллион доллар топиб, барча пулни полицияга топширди, деб ёзмоқда Anadolu агентлиги.

Қутқарувчилар Ayşe-Mehmet Polat турар-жой мажмуаси вайроналари остидан эркакни олиб чиқаётганда ушбу пулларни кўришган.

«Эркакнинг ёнида жами 2 миллион доллар бўлган, қутқарувчилар мазкур пулни махсус хизматга топширишган. Йигитларимиз биринчи навбатда инсонлар ҳаётини қутқаради, бироқ қимматбаҳо буюмларни ҳам полицияга топширмоқда – бу воқеа биринчиси эмас», – деган Газиантеп шаҳри ёнғин хизмати раҳбари Жаъфар Йилмаз агентликка.

Аввалроқ Россия фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳам Туркияда вайрон бўлган уйдан 150 минг доллар топишгани ҳақида маълум қилган эди. Ушбу пуллар ҳам полицияга топширилгани айтилганди.

6 февралда Туркиянинг Қаҳрамонмараш вилоятида бирин-кетин икки марта 7,7 ва 7,6 магнитудали зилзила содир бўлди. Табиий офат оқибатларини бартараф қилиш бошқармасининг маълумот беришича, ҳалокат сабабли ҳалок бўлганлар сони шу кунгача 39 мингдан, жароҳат олганлар эса 108 мингдан ошган.