Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро туманидаги «Aksa Enerji Bukhara» масъулияти чекланган жамияти томонидан ишга туширилган иссиқлик электр станцияси фаолияти билан танишди.

Иқтисодиёт ривожланиб, корхоналар кўпайиши билан энергия ресурсларига талаб ошиб бормоқда. Шунинг учун барча ҳудудларда бундай қувватларни ошириш чоралари кўрилмоқда.

Хусусан, ўтган йили «Aksa Enerji Bukhara» томонидан иссиқлик электр станцияси ишга туширилган эди. У 150 миллион долларлик тўғридан-тўғри инвестиция эвазига барпо этилган. Ускуна ва жиҳозлар Туркиядан келтирилган. Бу ерда 150 киши меҳнат қилади.

Станция қуввати 270 Мегаватт. Бу йилига 2 миллиард 200 миллион киловатт соатгача электр энергияси ишлаб чиқариш, вилоятнинг 60 фоиз истеъмолини қоплаш имконини беради.

Давлатимиз раҳбари станциянинг диспетчерхонасини кўздан кечирди, бошқарувчилар билан суҳбатлашди.

2023 йилда Бухорода йиллик электр истеъмоли 4,3 миллиард киловатт соатни ташкил этиб, тақчиллик 150 миллион киловатт соат бўлиши кутилаётганини инобатга олиб, мутасаддиларга вилоятда тақчилликни қоплаш бўйича кўрсатмалар берди.

Аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини электр энергияси билан барқарор таъминлаш, энергиядан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва тармоқларда йўқотишларни камайтириш, соҳага юқори технологияларини жалб қилиш юзасидан топшириқлар берилди.