Ереван Анқара билан муносабатларини тўлиқ яхшилашга ва икки мамлакат ўртасида тинчлик ўрнатишга тайёр. Бу ҳақда чоршанба куни Арманистон ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян Анқарада Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли билан бўлиб ўтган музокаралар якуни бўйича берган баёнотида айтиб ўтди.
«Зилзила туфайли ҳалок бўлганларга таъзия билдираман ва жабрланганлар тезроқ соғайиб кетишини тилайман. Биз 1988 йилда ҳалокатли зилзилани бошдан ўтказганмиз ва ҳақиқатан ҳам Туркия ва унинг халқи бошдан ўтказаётган азоблар бизга бегона эмас. Бундай табиий офатлар бутун инсоният фожиаси ҳисобланади ва бундай вазиятларда гуманитар инқирозга қарши курашда бизга бирдамлик керак”, – дея таъкидлаган у.
“Ушбу мураккаб даврда Туркияда бўлиб турган эканман, яна бир бор ишонтириб айтишим мумкинки, Туркия билан дипломатик муносабатларни ўрнатиш учун минтақада тинчликни қарор топтириш ҳамда ушбу мамлакат билан муносабатларни барча йўналишда йўлга қўйишга тайёрмиз», деди у.
Ҳозирда Арманистон билан Туркия ўртасида дипломатик муносабатлар мавжуд эмас. Айни пайтда мамлакатлар муносабатларини яхшилашга ҳаракат қилмоқда.
Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғлининг баёнот беришича, чоршанба куни бўлиб ўтган музокараларда арманистонлик ҳамкасби Арарат Мирзоян билан икки мамлакат ўртасида қуруқлик орқали алоқаларни йўлга қўйиш учун инфратузилмаларни тайёрлаш жараёнини тезлаштиришга келишиб олган.