2023 йил – Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ҳайъат йиғилишида тиббий таълимни ривожлантириш, соҳа ходимлари малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Йиғилишни соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов олиб борди.
Қайд этилганидек, Президентимиз топшириқлари асосида кейинги 6 йилда юртимизда тиббиёт олий ўқув юртлари сони 11 тага етди. Тошкент, Сирдарё, Жиззах, Навоий, Қашқадарё ва Наманган вилоятларидаги университет ва институтларда 6 та тиббиёт факультети ташкил этилди.
Бухоро давлат тиббиёт институтида Туркиянинг соғлиқ билимлари университети билан ҳамкорликда Туркия тиббиёт факультети, Тошкент шаҳрида Н.И.Пирогов номидаги Россия тиббиёт университетининг ҳамда Жиззах шаҳрида Қозон федерал университетининг филиаллари очилди.
Россия, Корея, Германия, Беларусь, Туркия, Украина, Ҳиндистон, Италия, Хитой, Польша давлатларининг 22 та университети билан 12 та бакалавриат таълим йўналиши, 10 та магистратура ва 8 та клиник ординатура мутахассисликлари бўйича халқаро қўшма таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлаш тизими йўлга қўйилди.
Бакалавриатда 4 та янги таълим йўналиши очилиб, қабул квоталари 2,4 баробар, магистратурада 14 та янги мутахассиcлик ҳисобига квоталар 3 баробар, клиник ординатурада эса 6 та янги мутахассислик ташкил этилиши натижасида квоталар 2 баробарга оширилди.
Интернатура жорий этилиб, 19 та йўналиш бўйича йилига 500 нафар тор мутахассис тайёрланмоқда. Шу билан бирга, ўқув режаларидаги номутахассис фанлар улуши 2 баробар қисқартирилди. Хориждан 350 нафар профессор-ўқитувчи ўқув жараёнига жалб қилиниб, илмий салоҳият 32 фоиздан 46 фоизга ошди.
Йиғилишда 2023-2024 ўқув йилидан бошлаб коллеж ва техникумларда кадрлар тайёрлаш тизими мутлақо янги тартиб ва йўналишларда йўлга қўйилиши таъкидланди. Эндиликда, бирламчи бўғин муассасалари учун коллежларда умумий амалиёт ҳамширасини тайёрлаш 2 йиллик дастур асосида амалга оширилади.
Техникумларда ихтисослаштирилган ҳамширалар (хирургия, парамедик, анестезиология, физиотерапия, фельдшерлик, нур ва функционал диагностика, тиббий профилактика иши, фармацевт ассистенти, стоматология, ортопедик стоматология техниги) 3 йиллик дастур асосида тайёрланади. Олий таълим муассасаларида олий малакали ҳамширалар тайёрлаш 4 йиллик халқаро ўқув дастурлари асосида амалга оширилиб, талабалар 2 йил Ўзбекистонда, 2 йил хорижда таълим олади.
Шу ойдан бошлаб 2-Республика тиббиёт коллежи негизида шифокор ва ҳамшираларни тайёрлаш бўйича Саудия Арабистонининг «Ал Ҳабиб академияси» ташкил этилади. Туркиянинг соғлиқ билимлари университети билан ҳамкорликда Ҳамширалар академияси фаолияти йўлга қўйилади. Энг муҳими, шу йилдан ҳар бир коллеж ва техникумга халқаро қўшма таълим дастурларини жорий қилиш мажбурияти юклатилади.
Ҳайъат йиғилишида тизимдаги тиббий олий ўқув юртлари фаолиятини такомиллаштириш юзасидан ҳам устувор вазифалар белгиланди.
– Тиббий олий таълим муассасаларимизнинг миллий ёки дунё рейтингида тутган ўрни талаб даражасида эмас, – деди соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов. – Шундан келиб чиққан ҳолда тиббий ОТМларнинг 2023 йил учун тайёрланаётган самарадорлик кўрсаткичларига (KPI) Миллий рейтингда дастлабки 10 талик ва дунёдаги топ 1000 талик рейтингидан жой олиш талабларини кўзда тутиш зарур. Энди ҳар йили камида 500 нафар ёш, иқтидорли педагоглар ҳамда коллеж ва техникум директорлари чет элда малака ошириши чораларини кўрамиз. Қолаверса, клиник кафедраларнинг 80 фоизи тиббиёт олий таълим муассасасининг ўзида (аудитория типида), фақат 20 фоизи клиник шифохоналарда жойлашгани ҳам ўқитиш сифатига салбий таъсир кўрсатиши тайин. ОТМнинг клиник кафедраларини жойлаштириш масаласини тубдан қайта кўриб чиқамиз.
Танқидий ва таҳлилий руҳда ўтган мулоқотда масъуллар соҳани ривожлантириш бўйича қатор таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.
М.Қосимова, ЎзА