Вазирлар Маҳкамаси “Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекцияси ҳамда вазирликлар ва идораларнинг ички аудит хизматлари ходимлари малакасини сертификатлаш тартиби тўғрисидаги низом”ни тасдиқлади.
Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Иқдисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекцияси ҳамда вазирликлар ва идораларнинг ички аудит хизмати ходимлари малакасини сертификатлаш ва ички аудит миллий малака сертификатига эга бўлган шахслар малакасини ошириш тартибини белгилайди.
Мазкур Низом қоидалари Инспекциянинг молиявий назорат функцияси юклатилмаган лавозимдаги ходимларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Сертификат Ўзбекистон аудиторлар палатаси томонидан малака имтиҳонини муваффақиятли топширган талабгорга берилади. Бу шахснинг ички аудит бўйича малакаси мавжудлигини тасдиқлайди ҳамда унта Инспекциянинг молиявий назорат функцияси юклатилган лавозимларда ва ички аудит хизматида фаолият юритиш имконини беради.
Сертификат дастлаб тўрт йил муддатга берилади, кейинчалик унинг амал қилиши муддатсиз даврга узайтирилади.
Талабгорга қўйидаги талаблар қўйилади:
Ўзбекистон Республикасидаги олий таълим ташкилотларининг ёки қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида тан олинадиган чет давлатлар олий таълим ташкилотларининг олий маълумотга эга эканлигини тасдиқловчи ҳужжатга эга бўлиш;
иқтисодиёт, молия, солиқ, бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи, аудит соҳасида, шу жумладан, ушбу йўналишларда таълим берувчи олий таълим ташкилотларида педагог сифатида камида икки йиллик иш стажига эга бўлиш.
Талабгор халқаро сертификатга эга бўлса, сертификат бериш малака имтиҳони топширмасдан амалга оширилади.
Бунинг учун талабгорнинг Аудиторлар палатасининг расмий веб-сайтида рўйхатдан ўтиши ҳамда тегишли ҳужжатларни электрон шаклда тақдим этиши кифоя қилади.
ЎзА