Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ҳиндистондаги Кўрагонийлар империяси асосчиси бўлиб, тарихда илм-фан ва маданият ҳомийси, подшоҳ, сиёсий даҳо ҳамда моҳир лашкарбоши сифатида эсланади.

Арақ чу аз рух-и он моҳпора меризад,

Зи офтоб-и дарахшон ситора меризад.

(Мазмуни: Ўшал ой юзли гўзал юзидан тер тўкилганда порлаб турган қуёшдан юлдузлар тўкилганга ўхшаб кетади.)

Бобур 1483 йилнинг 14 февралида Андижон шаҳрида Фарғона вилояти ҳокими темурий Умаршайх Мирзо оиласида дунёга келди. Отасининг вафотидан кейин ўн икки ёшида пойтахти Ахсикент шаҳри бўлган Фарғона мулкининг тахтига ўтиради. Ўз подшоҳлигининг бошларида рақибларининг исёни билан тўқнаш келади.

Бобурнинг сиёсий ҳаёт йўли кўплаб паст-баландликлар, жанг-жадаллар, ғалаба ва мағлубиятларга тўла бўлди. У бирлашган ягона давлат тузиш учун бир шаҳардан иккинчи шаҳарга кўчиб юришга, бир неча бор ўз тактикасини ўзгартиришга, ҳатто ўз қариндошларига қарши жанг қилишга мажбур бўлди.

Дарвешонро гарчи на аз хешонем,

Лек аз дилу жон муътақид-и эшонем.

(Мазмуни: Дарвешлар қариндошларимиз жумласидан бўлмасалар-да, чин кўнгилдан уларга ишонамиз.)

Бобурнинг ўз душманларини мағлуб этиш учун бошқа давлатлар, жумладан, Эрондаги Сафавийлар давлати билан иттифоқчиликда кўрсатган сиёсий ташаббуслари ва даҳоси ҳайратланарлидир.

Бобур марказлашган давлат тузиш мақсадида қудратли армия яратиш, жумладан, ўқотар қурол ва артиллериядан фойдаланиш устида бош қотирди. Охир-оқибат, Самарқандни эгаллаш учун курашдаги бир неча мағлубиятидан кейин ўз салтанатини Ҳиндистон юртига кўчиришга қарор қилди.

Бобур урушлардан ва давлат ишларидан холи пайтларида ўзигача яшаб ўтган шоирлар, ёзувчилар ва олимлар, жумладан, Алишер Навоийнинг асарларини ўқир, ушбу асарлар билан танишув унинг маданиятга хизмат қилиш, илм-фанни ривожлантириш, мамлакатни обод этишга бўлган қизиқишини янада кучайтирарди.

Бобур тинчлик ва барқарорлик чоғларида Ҳиндистон ва Хуросон шаҳарларида бунёдкорлик ва ободончилик ишларини амалга оширди, савдо-сотиқнинг ривожланиши ва халқ фаровонлигининг ошиши учун йўллар ва карвонсаройлар қуриш каби кенг кўламли чора-тадбирларни амалга оширди.

Кўрагонийлар империяси кўрсатган хизматлардан яна бири – Ҳиндистондаги ислом меъморчилигининг дурдоналари ҳисобланган ва бутун жаҳон аҳлининг таҳсинига сазовор бўлган Тож Маҳал ва Бобурий масжиди каби шоҳ асарлар бино этилганидир.

Бобур юксак дид ва нозик таъбга эга бўлган шоир бўлиб, ўз ҳис-туйғулари ва қарашларини содда тил билан баён этади. У девонида ишқий мазмундаги шеърларни ирфоний ва умумий мавзудаги шеърлар билан ёнма-ён жойлаштирган.

Наврўзу навбаҳору маю дилбаре хўш аст,

Бобур ба айш кўш, ки олам ду бора нест.

(Мазмуни: Наврўз, навбаҳор, май ва бир гўзал яхшидур. Бобур, айш қилгин, чунки дунё қайтиб келмайди.)

Бобур шеърияти муайян даражада ўзидан олдинги шоирлар, айниқса Навоий шеъриятидан таъсир олган. У ўз шеърларида турли шеърий санъатлардан кенг фойдаланган, жумладан унинг девонидан 52 та муаммо жанрида ёзилган шеър жой олган.

Бобурнинг форс тилида битилган шеърлари оз бўлса-да, ушбу шеърларнинг ўзидан унинг бу соҳадаги буюк сўз устаси эканлигини кўриниб туради.

Доний камон-и абрў-йи жонон сияҳ чарост?

Аз гўшаҳош дуд-и дил-и халқ дар пай аст.

(Мазмуни: Нега жонон қошининг ёйи қора эканлигини биласанми? Унинг бурчакларидан халқнинг юрак-бағридан чиққан тутун ўрламоқда.)

Бобурнинг илм-фан, адабиёт ва маданиятга кўрсатган хизматлари беқиёсдир. Ҳиндистон ярим оролида форс тилининг кенг ёйилиши у томонидан асос солинган давлат ҳукмронлиги натижаларидан биридир. Инглизлар истилосига қадар бўлган даврда форс тили Ҳиндистон ярим оролида кенг тарқалган нуфузли тил эди.

Бобурнинг «Бобурнома» номли ўқишлик бир китобда тўпланган хотиралари унинг бошидан кечирганларнинг холис ва объектив баёни бўлиб, муаллифнинг юксак истеъдоди ва чуқур таҳлил қила олиш қобилиятини кўрсатади.

Умрам ҳама дар фироқу ҳижрон бигузашт бо ғусса-ву ғам,

Ва ин умр-и гаронмоя чи арзон бигузашт боранжу алам.

Умре, ки нашуд сарф-и Самарқанду Ҳирий бо айшу тараб,

Афсўс, ки дар Огра-йи вайрон бигузашт бо жўру ситам.

(Мазмуни: Умрим бошдан-охир ғам-ғусса билан айрилиқ ва ҳижронда ўтиб кетди, бу қимматли умр дард-алам билан қанчалик тез ўтиб кетди. Самарқанд ва Ҳиротда айш ва кўнгилхушлик билан сарфланмаган бу умр, афсуски, вайрона Аграда жабр-зулм билан ўтиб кетди.)

Шубҳасиз, Бобурнинг худди Амир Алишер Навоий каби ўз даврида илм-фан ва маданиятнинг ёйилиши, қурилиш-ободончиликнинг ривожланиши ҳамда эзгу амалларнинг кўпайиши каби ишлардаги ҳиссаси барчага маълум. Шунга кўра у давлат ва маданият арбоблари ҳамда адабиёт аҳли учун муносиб бир ўрнак бўла олади, дея фикр билдиради Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳамид НАЙЙИРОБОДИЙ.

 

ЎзА