Америкалик тадбиркор, Twitterнинг янги хўжайини Илон Маск компаниянинг янги бош директорлигига Флоки итни тайинлади. У ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида итнинг суратини ҳам намойиш қилган.

«Twitterнинг янги бош директори зўр… ана у йигитдан яхши! У рақамларни аъло даражада тушунади!» – деб ёзди Маск Twitterда ит расми билан бирга.  

Расмда сиба-ину наслидаги ит, унинг қаршисида столда қоғозлар, қоғозда панжа излари  акс этган “муҳр” тасвирланган. Қаршисида Floki (Флоки) номи ёзилган. 2021 йил сентябрь ойида Маск Флоки лақабли кучукча боқиб олган эди. Ўшанда унинг биринчи фотосуратини ҳам Twitterда намойиш қилганди.

«У ўз вазифаси учун жуда мос келади», – қўшимча қилган Маск.

Ўтган йил декабрь ойида Маск компанияга ахмоқроқ бош директор топганидан  кейин ўзи ушбу лавозимни тарк этишини маълум қилганди. CNBC телеканали эса бу янгиликка изоҳ берар экан, Маск Twitter учун янги ижрочи  бош директор қидираётгани ҳақида ёзди.

Американинг Twitter Inc. компанияси 2006 йилда ташкил этилган. Компаниянинг асосий маҳсулоти қисқа маълумотлар алмашишга мўлжалланган ижтимоий тармоқ ҳисобланади. Twitterнинг бош қароргоҳи Калифорния штатининг Сан-Франциско шаҳрида жойлашган.