Жаҳон тарихида шеърияти ва шахсияти билан донг таратган шоирлар, нодир илмий асарлари билан жаҳоншумул шуҳрат қозонган қомусий алломалар кўп. Лекин улар орасида шубҳасиз, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг сиймоси алоҳида ажралиб туради.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 25 январдаги «Буюк шоир ва олим, машҳур давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ мамлакатимизда маънавий-маърифий, илмий тадбирлар тарғибот-ташвиқот ишлари кенг кўламда олиб борилмоқда. Бугун Андижонда ана шу сана муносабати билан катта тантаналар бўлиб ўтди. Бобур номидаги майдонга от чоптириб кирган буюк аждодимизнинг ҳайкали эҳтиром рамзи – баҳорий гулларга кўмилди. Тадбир иштирокчилари Бобур Мирзонинг илмий, ижодий ва ҳарбий мероси Шарқ ва Ғарбда бирдек машҳур экани, XVI асрдан бошлаб то бугунги кунга қадар ер юзидаги юзлаб олиму адиблар бу улуғ шоир ва мутафаккир ижодига мунтазам мурожаат этиб келишаётгани, унинг асарлари инглиз, япон, араб, немис, ҳинд, француз, урду, рус, уйғур, қозоқ ва бошқа кўплаб хорижий тилларга қайта-қайта таржима қилинаётганини алоҳида эътироф этди.

Тантана иштирокчилари келгусида 400 минг аҳоли яшайдиган янги Андижон ҳудуди билан танишди. Шу ердаги маҳобатли саройда «Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодий меросининг башарият, маънавий-маърифий тараққиётидаги ўрни» мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Унда бир қатор хорижлик ва республикамизнинг таниқли бобуршунос олимлари, шоир, ёзувчилар иштирок этди.

«Бобур Амир Темурдан кейинги жаҳоннинг энг йирик подшоҳи, давлат арбобларидан бири, – дейди Америка Қўшма Штатларидаги Мичиган университети профессори Темур Хўжа ўғли. – Чунки у ҳам меъморлик соҳасида, ҳам боғдорчилик бўйича Ҳиндистонга янгича маданият олиб келган ва обод қилган. Ҳозир Ҳиндистоннинг қайси шаҳрига борманг, Ҳайдаробод ёки Агра бўладими, у ерда Бобур ва бобурийлар қурган обидаларни кўрасиз».

Конференцияда сўнгги йилларда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 3-реннесанс пойдеворини яратиш борасидаги саъй-ҳаракатлар эътироф этилди.

«Президент Шавкат Мирзиёев бошлаган икки муҳим жиҳатни алоҳида таъкидламоқчиман. Биринчиси, тарихий меросни илмий жиҳатдан ўрганишга эътибор. Иккинчиси эса Жадидчилик даври, уларнинг ғоялари, қилган ишлари, хориж ўқув юртларига талабаларни жўнатиши. Ҳозирги Ўзбекистон шу ишларга урғу берган», деди Темур Хўжа ўғли.

Конференцияда Бобур халқаро жамоат фонди ўтган йили амалга оширган ишлар ва режалар ҳақида ҳам ахборот берилди.

«Президентимизнинг яқинда Андижон вилоятига ташрифи давомида Бобур Мирзо сиймосига билдирган юксак ҳурмат ва эътиборига яна бир бор гувоҳ бўлдик, – дейди Бобур номли халқаро жамоат фонди раиси, Зокиржон Машрапов. – Чиндан ҳам бу улуғ зот қолдирган маънавий ҳазина, мана, беш асрдирки, дунё маърифат аҳлини ўзига мафтун этиб келади. Биз «Бобурнома»нинг йўқолган қисмини излаш, Бобур ҳаёти ва ижодига доир маълумотларни ҳамда унинг асарларини хорижий тилларга таржима қилиб, кенг тарқатиш борасидаги ишларимизни давом эттираверамиз».

Конференцияда сўзга чиққан Эрон Ислом республикаси, Ҳиндистон, Қозоғистон, Озарбайжон, Туркия ва бошқа мамлакатлардан келган ҳамда ўзбекистонлик бобуршунос олимлар ҳали буюк алломанинг ҳаёти ва ижодини тадқиқ этиш борасида бир қатор вазифалар турганини қайд этди.

«Москвада 3 жилддан иборат Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бобурийлар деган библиографик кўрсаткич эълон қилинди. Шоирнинг 6 жилдлик Куллиёди тўлиқ ҳолатда нашр этилди. Бобур энциклопедиясининг мукаммаллаштирилган учинчи нашрини ўзбек, рус ва инглиз тилларида чоп этиш арафасидамиз, – дейди филология фанлари доктори, Ўзбекистон Миллий университетининг профессори Ҳамидулла Болтабоев. – Қувончимиз шундаки, бутун туркий халқлар, бутун дунё: Америкадан тортиб, Япониягача, Россиядан Туркиягача ҳамма Бобур ижодини мукаммал ўрганишга қизиққан».

Давлат раҳбарининг қарорида «Бобурнома» асарини қорақалпоқ тилида ҳам нашр этиш кўзда тутилган эди.

«Президент қароридан сўнг қорақалпоқ адиблари «Бобурнома» асарини таржима қила бошладилар. Уни яқин орада қорақалпоқ ўқувчиларига етказамиз, – дейди Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Кенесбай Каримов. – Чунки Бобурнома жаҳон тарихида ноёб бойлик ҳисобланади».

Куннинг иккинчи ярмида Бобуршунос олимлар, шоир ва ёзувчилар Андижон вилоятининг турли шаҳар қишлоқларида ўтказилаётган маънавий- маърифий тадбирларда қатнашди.

Муҳаммаджон Обидов