14-15 февраль кунлари Исроилнинг Тел-Авив шаҳрида Халқаро Ўртаер денгизи сайёҳлик ярмаркаси ўтказилмоқда.

Кўргазмадан Беларусь, Черногория, Венгрия, Франция, Греция, Озарбайжон, Португалия, Япония, Қирғизистон, Литва, Туркия, Словакия, Грузия, Жанубий Корея, Чехия, Испания каби давлатларнинг стендлари ўрин олган. Кўргазма доирасида глобал сайёҳлик инновацион форуми ташкил этилади.

Ўзбекистон ҳам 2017 йилдан буён иштирокчи давлат сифатида ўзининг бой сайёҳлик салоҳиятини намойиш этиб келмоқда. Жорий кўргазма учун махсус бой маданий ва ишбилармонлик дастури тайёрланди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги «Миллий ПР-маркази» ДУКнинг «Uzbekistan – The Crossroad of Civilizations. Tourism Potential of Uzbekistan» мавзуида тақдимоти ҳамда машҳур ўзбек ошпази Баҳриддин Чустий ва Бухоро яҳудийларининг авлодидан бўлмиш исроиллик ошпаз Йисраэл Аҳарони томонидан «Gastronomy of Uzbekistan» мавзусидаги қўшма тақдимотлари ўтказилмоқда.

Тақдимот якунида таниқли ошпазлардан маҳорат дарслари ҳамда Ўзбекистон хонандалари ва созандаларининг миллий, мусиқий чиқишлари ташкил этилади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги вакиллари томонидан юртимизнинг туризм салоҳияти тақдимоти бўлиб ўтади.

Кўргазма доирасида мамлакатимиз делегацияси вакилларининг Исроил туроператорлари билан ишбилармонлик учрашувлари, қўшма турларни амалга ошириш бўйича музокаралари ва жорий йилнинг ноябрь ойида Тошкентда бўлиб ўтадиган халқаро туризм ярмаркасида иштирок этиш масалалари муҳокама қилинади.

 

 ЎзА