Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига норасмий бандликни қисқартиришга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.

Мазкур қонун лойиҳаси билан Солиқ кодексига савдо мажмуалари ва бозорларда фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркорлардан ташқари, бошқа якка тартибдаги тадбиркорлар ходимлари учун тўланиши лозим бўлган ижтимоий солиқ суммасини йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг олти бараваридан бир баравари миқдоригача камайтирилиши назарда тутиляпти.

Шунингдек, шахсий томорқа ер участкаларида айрим фаолият турлари билан шуғулланаётган фуқаролар учун томорқа ер участкаси майдони ва парвариш қилинаётган уй ҳайвонлари, паррандаларнинг сонидан қатъи назар ихтиёрий равишда ижтимоий солиқ тўлаш имкониятини назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда.

Мазкур қонун лойиҳаси билан «Томорқа хўжалиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ҳам томорқа хўжалигида меҳнат фаолиятини тартибга солувчи тегишли ўзгартиш киритиляпти.

Қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилиниб, қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА