Журналистиканинг нони қаттиқ дейишади. Бунга ҳеч шубҳа йўқ. Ҳамкасбларимиз халқимизга холис ва аниқ ахборотни етказиш учун туну-кун меҳнатда. Улар ҳаётимизда рўй бераётган барча жиҳатларни қамраб оладилар. Шу боисдан бўлса керак журналистларни “жамият санитарлари” ҳам дейишади. Бу ҳам тўғри! Уларнинг бундай фидойилиги билан фахрланамиз.

Aгар телевидение ва радио ҳақида гапирадиган бўлсак, журналистик масъулият янада ортади. Бунда нафақат сўз, балки тасвир, режиссура, овоз, ҳатто ташқи кўриниш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Қувонарлиси шуки, бугун уларнинг меҳнатлари эътироф этилиб, тарихда қолмоқда, қадр топмоқда.

Хабарингиз бор 2022 йилда ЎзМТРК томонидан “Телевидение менинг тақдиримда” номли эссе, мақолалар тўплами, “Радио ва телевидение” ўқув-услубий қўлланмаси ҳамда “Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси замон билан ҳамнафас” китоб-альбоми чоп қилиниб, жамоатчиликка тақдим қилинган эди.

Бугун эса пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида яқинда нашрдан чиққан “Ўзбекистон телерадиоси” номли китоб-энциклопедияси тақдимоти ўтказилди. Тадбирда ЎзМТРК раҳбарияти ва фахрийлари, олимлар, ёшлар ва ОAВ вакиллари иштирок этишди.

-Бу китобни ЎзМТРКнинг қомуси, ижодий гулдастаси дейишимиз мумкин, -дейди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси вазифасини вақтинча бажарувчиси Холмурод Салимов. – Мазкур тўпламда радио ва телевидение соҳасида самарали меҳнат қилган мингга яқин журналистларнинг алоҳида эътироф этилиши кишини қувонтиради. Айниқса улар орасида “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист”, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” каби юксак эътирофларга сазовор бўлган устозлар, “Олтин қалам” миллий мукофоти, “Йилнинг энг фаол журналисти”га лойиқ топилган юзлаб қалами ўткир журналистларнинг борлиги барчада қизиқиш уйғотади.

Дарҳақиқат, номлари китоб-энциклопедияга киритилган ҳамкасбларимиз билан қанча фахрлансак арзийди. Улар ҳамиша ақл-заковати, салоҳияти, журналистик маҳорати билан барчага ўрнак намунаси бўлиб келмоқда.

Ўткир Алимов, Дониёр Ёқубов (видео), ЎзА