АҚШ ҳарбийлари томонидан Канада осмонида уриб туширилган учар аппарат унчалик катта бўлмаган металлдан ясалган шар кўринишида бўлган, унинг тагида қандайдир юк маҳкамлаб қўйилибди, деб хабар тарқатди CNN телеканали Пентагоннинг конгрессга йўллаган материалларига таяниб.

АҚШ ҳукумати ўтган ҳафтада Аляска, Канада ва Гурон кўли устида уриб туширилган ушбу учта номаълум учар объектнинг нималиги, мақсади ва кимга тегишли эканига ҳозирча аниқлик кирита олмаяпти.

«Шанба куни Канада ҳаво кенгликларида уриб туширилган номаълум учар жисм унчалик катта бўлмаган металл шар кўринишида бўлган, остига юк маҳкамланган», – дейилади Пентагон материалида. Ҳарбийларнинг таъкидлашича, якшанба куни охирги объект ракета билан уриб туширилгандан кейин Гурон кўли сувига “оҳиста тушган”.

Fox News телеканали мухбири Лукас Томлинсоннинг ижтимоий тармоқда ёзишича, F-16 қирувчи самолёти кўл устидаги нишонни иккинчи уринишда уриб тушира олган. «Ҳаво-ҳаво” синфидаги иккита Sidewinder ракетаси зарур бўлган. Sidewinderнинг ҳар бири 400 минг доллардан қиммат туради», – деб ёзади журналист.